Эрон спорт вазири Аҳмад Дунямолий 11 март куни берган баёнотида мамлакат футбол терма жамоаси АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок эта олмаслигини маълум қилди.
“Ушбу бузуқ режим раҳбаримизга суиқасд уюштирганини ҳисобга олсак, биз ҳар қандай вазиятда Жаҳон чемпионатида қатнаша олмаймиз”, деди вазир давлат телеканалига берган интервьюсида.
Дунямолийга кўра, мундиалга мезбонлик қилаётган давлатлар Эрон жамоаси учун хавфсиз эмас.
“У ерда фарзандларимиз хавфсиз бўлмайди ва фундаментал жиҳатдан мусобақада иштирок этиш учун зарур шароитлар мавжуд эмас. Уларнинг Эронга қарши амалга оширган ғаразли ҳаракатларини инобатга олсак, саккиз-тўққиз ой ичида бизга иккита уруш мажбурлаб ўтказилди, минглаб одамларимиз ҳалок бўлди. Шундай экан, биз ҳозир у ерда бўла олмаймиз”, деди вазир.
Маълумот учун, Эрон терма жамоасининг гуруҳ босқичидаги учала ўйини ҳам АҚШ ҳудудида — иккитаси Лос-Анжелесда, биттаси эса Сиэтлда ўтказилиши режалаштирилган эди.
2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Эрон терма жамоаси мусобақанинг “Г” гуруҳидан жой олган бўлиб, унда Бельгия, Миср ва Янги Зеландия жамоаларига қарши майдонга тушиши керак эди.
Аввалроқ FIFA раҳбари Жанни Инфантино АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон терма жамоаси Қўшма Штатларда ўтказиладиган турнирда ҳеч қандай тўсиқсиз иштирок этиши мумкинлигини тасдиқлаганини маълум қилган эди. Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож эса бундай вазиятда мамлакат Жаҳон чемпионатини катта умид билан кутмаётганини таъкидлаган.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлади. Ҳужумлар мамлакатнинг йирик шаҳарларига, жумладан Теҳронга ҳам йўналтирилди. Оқ уй ушбу операцияни Теҳрондан келаётган ракета ва ядровий таҳдидлар билан изоҳлади.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бунга жавобан Исроилдаги объектларга зарбалар бериб, кенг кўламли жавоб операциясини бошлади.
Эрон ҳудудига берилган зарбалар оқибатида мамлакат олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлгани хабар қилинди.








