Daryo

Хоманаийнинг ўрнини кимлар эгаллаши мумкин?

Марҳум Эрон олий раҳнамоси афзал кўрган номзодлар маълум қилинди. У юқори мартабали шиа руҳонийси бўлиши ва “Экспертлар ассамблеяси” томонидан тайинланиши керак.

2 дақиқа ўқиш16 796 кўришлар0 изоҳ13

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлими унинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирди. The New York Times нашри эҳтимолий номзодлар ҳақида маълумот берди.

86 ёшли Оятуллоҳ Хоманаий 1989 йилдан буён Эронга раҳбарлик қилиб келган ва олий раҳнамо сифатида кенг ваколатларга эга эди. У қуролли кучлар бош қўмондони бўлиб, давлатнинг барча муҳим масалаларида ҳал қилувчи сўзга эга бўлган. Тарафдорлари уни диний ва сиёсий етакчи сифатида улуғлаган.

Хоманаий қатъий сиёсати билан танилган: у ислоҳот чақириқларини рад этган, норозилик намойишларини бостирган ва ҳокимиятга қарши чиққанларга нисбатан кескин чоралар кўрган. У ўзини “инқилоб посбони” деб билган ҳамда Ислом республикасининг сақланиб қолиши учун шахсан масъул эканини таъкидлаб келган. Шу боис ўзидан кейинги эҳтимолий ворислар масаласини ҳам олдиндан кўриб чиққан.

2025 йил июнь ойида Исроил билан 12 кунлик уруш вақтида Хоманаийнинг бункерда экани ҳақида хабарлар тарқалган пайтда, у ўз ўрнига тезкор тайинланиши мумкин бўлган уч номзодни белгилагани айтилган. Эрон қонунчилигига кўра, олий раҳбар юқори мартабали шиа руҳонийси бўлиши ва “Экспертлар ассамблеяси” томонидан тайинланиши керак.

Юқори мартабали эронлик амалдорлар билан ўтказилган суҳбатларга кўра, Хоманаий афзал кўрган номзодлар сифатида қуйидагилар келтирилади:

  • Суд ҳокимияти раҳбари Ғулом-Ҳусайн Муҳсини-Эжей;
  • Хоманаийнинг девони раҳбари Али Асғар Ҳижозий;
  • Ислоҳотчи қанот вакили, Оятуллоҳ Хоманаийнинг набираси Ҳасан Ҳумайний.

Хоманаийнинг ўғли Можтаба ҳам айрим гуруҳлар томонидан эҳтимолий ворис сифатида тилга олинади. Бироқ Хоманаий олий раҳнамо лавозими мерос тариқасида ўтишини истамаслигини билдирган эди.

28 февраль. Исроил ва АҚШ томонидан уюштирилган ҳужумларда Эрон олий раҳнамосининг қароргоҳи нишонга олинди. Ҳужум оқибатида Хоманаийдан ташқари унинг қизи, куёви, невараси ва келини ҳам ҳалок бўлган. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳужум учун қасос олиниши ҳақида огоҳлантирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳужумлар узоқ давом этиши ёки икки-уч кун ичида якунланиши мумкинлигини айтди. У ҳарбий, операция Эроннинг ядровий келишувдан бош тортганига жавоб бўлганини таъкидлади.

Хоманаий уруш шароитида ҳалок бўлса ёки алоқага чиқолмаса, давлат бошқаруви узлуксизлигини таъминлаш учун яқин сиёсий ва ҳарбий доира вакилларига ваколат берган. Шунингдек, у шахсан тайинлайдиган юқори мартабали ҳарбий ва сиёсий арбоблар учун тўрт босқичли ворислик тизимини белгилаган.

Бу рўйхатга Али Асғар Ҳижозий, парламент спикери ва собиқ Инқилобий гвардия қўмондони бригада генерали Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳамда собиқ бош қўмондон Яҳё Раҳим Сафавий киради. Исроил ҳарбийлари Ҳижозий ҳам ҳалок бўлганини маълум қилган.

Воқеага алоқадор сўнгги янгиликлар ва видеоларни @daryo_live каналида ҳам кузатиб боринг.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар