27 февралга ўтар кечаси Покистон мудофаа вазири Хожа Осиф ўз мамлакати Афғонистондаги “Толибон” режимига қарши “очиқ уруш”га кирганини маълум қилди. Покистон ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲК) Кобул (Афғонистоннинг расмий пойтахти), Қандаҳор (амалда “Толибон”нинг бош қароргоҳи), шунингдек, Пактия вилоятидаги нишонларга авиазарбалар берди. Покистон илк бор “Толибон” ҳаракати билан боғлиқ объектларга зарба берди — бунгача покистонликлар Афғонистондаги “Толибон”га алоқаси йўқ деб ҳисобланган марраларга зарба берарди.
Узунлиги 2600 километрдан ошадиган баҳсли Афғонистон—Покистон чегараси — “Дюранд линияси” бўйлаб навбатдаги кескинлашув февраль ойининг ўрталарида бошланган эди. Бундан аввалроқ, 6 февраль куни Покистон пойтахти Исломободдаги шиаларнинг “Хадичаи Кубро” масжидида худкуш ўзини портлатиб, 30 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлганди.
Ушбу теракт учун жавобгарликни шиаларга нисбатан ўта муросасиз бўлган ИШИД террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олган эди. Ўшанда Покистон ҳукумати худкушнинг афғон бўлганини алоҳида қайд этган эди.
16 февраль куни “Таҳрики Толибон Покистон” (ТТП, “Покистон Толибон ҳаракати”) гуруҳи жангарилари Покистоннинг Бажаур чегара ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктига ҳужум қилди: аввал у ерда худкуш ўзини портлатди, сўнг отишма юз берди. Ҳужум оқибатида 11 нафар покистонлик ҳарбий ва бир бола ҳалок бўлди.
21 февраль куни Покистон ҲҲК Афғонистоннинг Нангарҳор, Хост ва Пактика вилоятларидаги ИШИД, ТТП ва бошқа гуруҳларнинг лагерларини бомбардимон қилишга киришди; уларнинг бари Марказий ва Жанубий Осиё оралиғида жойлашган ва Афғонистон—Покистон чегараси ўтган Хайбар довони атрофида. Бу бориш қийин бўлган минтақада қадимдан кўплаб террорчи гуруҳлар қўним топган бўлиб, улар “Толибон”, Покистон Идоралараро разведкаси ёки бошқа ташқи кучлар билан алоқа ўрнатиши мумкин, аммо амалда ҳеч кимга бўйсунмайди. 2001 йили АҚШ Афғонистонга бостириб кирганида, Усома бин Лодин яширинган Тора-Бора ғорлар мажмуаси ҳам шу ерда бўлган.
Покистон армияси ва афғон гуруҳлари ўртасидаги жанглар чегарада, асосан Хайбар довони ҳудудида кўп йиллардан буён вақти-вақти билан юз бериб туради. Айниқса, 2021 йили АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этиб, “Толибон” ҳокимиятни қайта қўлга киритгач, бундай тўқнашувлар кўпайган. Аммо авваллари улар, одатда, чегара тўқнашувлари доирасидан ташқарига чиқмас эди.
Покистон “Толибон”ни, шунингдек, ўзининг стратегик рақиби Ҳиндистонни террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблаб келарди, аммо бу асосан қуруқ сўзлардан иборат эди. Туркия ва Қатар воситачи сифатида Покистон ва Афғонистонни яраштиришга бир неча бор уринган, бироқ муваффақиятга эриша олмаган.
Бу сафар “Толибон” Покистон кучларига қарши жавоб амалиётини бошлашини эълон қилди. Чегара жанглари анча шиддатли тус олди. Шундан сўнг Покистон Мудофаа вазирлигининг “Толибон” Афғонистонни амалда “Ҳиндистон мустамлакаси”га айлантиргани ва Покистоннинг сабр косаси тўлгани ҳақидаги баёноти янгради. Покистон “Толибон”га қарши “Одилона ғазаб” номли махсус ҳарбий операция бошлади.
Покистон томонининг баёнотига кўра, авиазарбалар натижасида “Толибон”нинг 200 дан ортиқ жангариси йўқ қилинган, 300 дан зиёди яраланган; ўнлаб постлар вайрон этилган. Афғонистон расмийлари эса, ўз навбатида, 55 нафар покистонлик аскар ўлдирилгани ва Покистоннинг бир неча марралари эгаллаб олинагнини даъво қилмоқда.
Шунингдек, “Толибон” Покистоннинг авиазарбалари тинч аҳоли орасида қурбонларга олиб келганини таъкидламоқда. Хусусан, Хайбар довонида жойлашган ва чегара билан иккига бўлинган Торхам шаҳридаги қочоқлар лагерига берилган ракета зарбаси оқибатида 13 киши, жумладан, аёллар ва болалар жабр кўргани ҳақида айтиляпти. Покистон томони Афғонистон тарафдан бир неча қишлоқ миномётдан ўққа тутилганини маълум қилган, бироқ тинч аҳоли орасидаги талофотлар ҳақида маълумот келтирмаган.
Ушбу баёнотларнинг бирортаси мустақил манбалар томонидан ҳозирча тасдиқланган эмас.
Кузатувчилар ҳозирча Покистон қўшинлари Афғонистонга киришини кутмаяпти. Толибларда на авиация, на ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бор, шу сабабли Покистон ҳавода тўлиқ ҳукмронликка эга. Агар қуруқликдаги операция бошланса, устунлик кўпроқ Афғонистон томонида бўлиши мумкин: толиблар ва уларнинг иттифоқчилари тоғларда партизанлик уруши олиб боришнинг моҳир усталари саналади.
Афғонистон ва Покистон ўртасидаги анъанавий воситачи бўлган Туркия аллақачон ўт очишни тўхтатишга эришиш учун ҳаракатларни бошлаган: ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ҳар икки томон вакиллари, шунингдек, Қатар ва Саудия Арабистони ташқи сиёсат идоралари билан боғланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳам томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирди.








