Daryo

Ўзбекистон Афғонистондаги конларда геологик-қидирув ишларини бошлади

Uzbek Overseas Geology Company томонидан углеводород ресурслари, шунингдек темир ва мис конларини аниқлаш ишлари олиб борилади.

1 дақиқа ўқиш3 556 кўришлар0 изоҳ1

Ўзбекистон кончилари Афғонистонда углеводород қазилмаларини қидириш ва геологик-қидирув ишлари амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда 24 февраль куни Кон-геология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, геологик-қидирув ишларини Uzbek Overseas Geology Company томонидан амалга оширилади. Жараён Муҳаммад-Жандагар, Шамар ва Аҳмадобод блокларида олиб борилиб, углеводород ресурслари, шунингдек темир ва мис конларини аниқлашга қаратилган.

Фото: Кон-геология вазирлиги

Балх вилояти ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мавлавий Нурул Ходи Абу Идрис ҳамда компания бош директори Хайитбой Омонов иштирокида геологик-қидирув ишларига расман старт берилди. Компания афғон томони билан олиб борилган музокаралар якунида тегишли лицензияни қўлга киритди. 

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Афғонистон Ислом Амирлигининг Тоғ-кон саноати ва нефть вазирлиги ўртасида илгари имзоланган ҳамкорлик келишуви доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу келишув 2025-йилнинг августида Ўзбекистон Геология ва тоғ-кон саноати вазирлиги ҳамда Афғонистон Тоғ-кон саноати ва нефть вазирлиги ўртасида имзоланганди.

Фото: Кон-геология вазирлиги

Келишув доирасида:

  • Афғонистон ҳудудида жойлашган Муҳаммад-Жандагар, Шамар ва Аҳмадобод блокларида углеводород қазилмаларини қидириш ва геологик-қидирув ишлари амалга оширилади;
  • қазиб чиқариш ҳуқуқи устувор равишда Ўзбекистон томони тузадиган операцион компанияга берилади;
  • геофизик тадқиқотлар, ҳисоботлар ва техник-иқтисодий асослар тайёрлаш ишлари ўзбек мутахассисларига юклатилади;
  • Афғонистон томони лойиҳаларга эксклюзив ҳуқуқ берилиши ва зарур рухсатларни тақдим этишни кафолатлайди;

Бу келишув икки йиллик эксклюзив муддатга эга бўлиб, кейинги босқичда халқаро тажрибалар асосида ҳамкорлик янада кенгайтирилади.

Uzbek Overseas Geology Company ҳақида

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Uzbek Overseas Geology Company 2025 йил февраль ойида рўйхатга олинган. Устав капитали 12,97 миллиард сўм бўлган компания “бошқа тоифаларга кирмайдиган кончилик фаолияти” билан шуғулланади. Таъсисчилари “Ўзбек геология қидирув” ва “Ўзбекгеофизика” ҳисобланади (ҳар бири 50 фоиздан).

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар