Daryo

“Demokrat.uz” раҳбари товламачиликда гумонланиб қўлга олинди

У блогер Азиз Ғоипназаров билан бирга пойтахтдаги автосалон фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериални ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда ушбу нашр томонидан тайёрланган, тадбиркорни обрўсизлантирувчи алоҳида видеолавҳани жойламаслик эвазига 50 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда.

1 дақиқа ўқиш9 110 кўришлар0 изоҳ7

“Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогерлик фаолиятини юритувчи Азиз Ғоипназаров товламачиликда айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Уларга нисбатан пойтахт ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълум қилинишича, 2025-йилнинг 15 декабрь куни гумонланувчи Ғоипназаров Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернет тармоғида жойлаштирган. Шундан сўнг “Demokrat.uz” интернет нашри раҳбари Меҳмонов Ғоипназаровлар томонидан тайёрланган видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда ушбу нашр томонидан тайёрланган, тадбиркорни обрўсизлантирувчи алоҳида видеолавҳани ОАВда жойламаслик эвазига, товламачилик йўли билан жабрланувчидан жами 50 минг доллар талаб қилган.

Меҳмонов жабрланувчидан 2026-йилнинг 29 январида 3 минг долларни олиб, сўнг 10 февраль куни 17 минг долларни олаётган вақтида жиноят устида далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур шахсларнинг ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан энг яқин Ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишни сўради.

Бундан аввал “Taftish.uz” ходимларининг тўрт нафари ҳамда сайтнинг собиқ раҳбари Ғайрат Абераев товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб ушлангани хабар қилинганди. 



Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар