Daryo

Термиздаги Indenim савдо-кўнгилочар маркази фаолияти вақтинча тўхтатилди

Текширув давомида марказда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани аниқланди. Камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар объект фаолияти тўхтатилди.

2 дақиқа ўқиш4 994 кўришлар0 изоҳ0

Термиз шаҳрида жойлашган Indenim савдо-кўнгилочар марказида Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Азизбек Икромов томонидан текширув ўтказилди. Объект фаолияти ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий камчиликлар сабаб вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда вазирлик ахборотида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ўрганиш жараёнида савдо-кўнгилочар марказда ёнғин хавфсизлиги қоидалари узоқ вақт давомида бажарилмагани аниқланган. Жумладан, эвакуация йўллари ва захира чиқиш эшиклари вақтинчалик савдо нуқталари билан тўсиб қўйилгани, айрим чиқишлар ўзбошимчалик билан ёпилгани маълум бўлган. Бу ҳолатлар фавқулодда вазият юзага келганда ташриф буюрувчилар ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши таъкидланган.

Шунингдек, текширув давомида бинодаги ички ёнғин ўчириш кранларининг носоз ҳолатда экани аниқланган. Ёнғин ўчириш шланглари чириб кетгани, айрим кранларда сув мавжуд эмаслиги қайд этилган. Мутасаддиларга кўра, бу ёнғин содир бўлган дастлабки дақиқаларда уни бартараф этиш имкониятини кескин чеклайди.

Болалар ўйингоҳи жойлашган қаватда ҳам қатор камчиликлар аниқланган. Ёнғиндан хабарловчи сигнализациялар ва тутун сўрувчи мосламалар ишламагани, электр кабеллари бетартиб жойлаштирилгани маълум бўлган. Ушбу ҳолатлар ёнғин келиб чиқиш хавфини ошириши сабабли болалар ўйингоҳи фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилган.

Бундан ташқари, савдо маркази ҳудудида фаолият юритаётган ижарачи тадбиркорлар томонидан ҳам ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани аниқланган. Эвакуация йўлларининг тўсиб қўйилгани бўйича уларга ҳам тегишли кўрсатмалар берилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, Indenim савдо-кўнгилочар марказининг фаолияти камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилган. Вазирлик бу каби текширувлар аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини, бошқа тадбиркорлар ҳам ўз объектларида ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий амал қилиши зарурлигини таъкидлаган.

Идора 31 январь куни Тошкентнинг Яшнобод туманидаги “Авиатор” савдо мажмуасида йирик ёнғин содир бўлиши ортидан савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарларини хавфсизлик талабларига қатъий риоя этишга чақирганди.

Мурожаатда тадбиркорлар ёнғин хавфсизлиги талабларига шахсан масъул экани яна бир бор эслатилган. Талаблар бузилган тақдирда объектлар фаолияти вақтинча тўхтатилиши, масъулларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик қўлланиши мумкинлиги билдирилган.

Шундан сўнг Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида ёнғин хавфсизлиги талабларини қўпол равишда бузган бир қатор тадбиркорлик субъектлари фаолияти вақтинча тўхтатилгани хабар берилган.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли Indenim савдо мажмуасида 2021 йил 7 декабрь куни кучли портлаш содир бўлганди. Оқибатда савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган.

Ҳодиса жойига бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси сафарбар этилган. Комиссия таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.

ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси ҳодиса оқибатида 2 киши вафот этгани, 9 нафари турли даражадаги тан жароҳати олганини маълум қилган. 226 та кўчмас мулк объектига етказилган зарар миқдори 22,6 миллиард сўмга баҳоланган. Шундан мажмуага етказилган зарар миқдори 14,4 миллиард сўмни ташкил этган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар