Навоий вилояти Томди туманида 17 январь куни йўловчи автобуси ағдарилиб кетди. Вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаси “Томдибулоқ” ОФЙ ҳудудидан ўтган А-379 Навоий—Учқудуқ халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 189—190-километрлари оралиғида содир бўлган.
Zhong Tong Bus русумли автобус Навоий—Зарафшон йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётиб, бошқарувни йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши томонига ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро тан жароҳати олиб, Зарафшон шаҳар тиббиёт бўлимига етказилган. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилгани маълум қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
5 январь куни ҳам Навоий вилояти Томди туманида Зарафшон—Навоий йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учраганди.
Ҳодиса оқибатида йўловчи сифатида кетаётган икки фуқаро олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Турли кўринишдаги тан жароҳатлари олган 9 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига ётқизилган.








