Африка Футбол Конфедерацияси Африка Миллатлар Кубоги финалида юзага келган можаро бўйича расмий баёнот берди.
Чемпионлик учун кечган баҳсда Сенегал ва Марокаш терма жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда ҳакам Сенегалнинг голини инобатга олмади, шундан сўнг эса Сенегал дарвозасига пенальти белгилади. Бунга норозилик сифатида Сенегал мураббийлар штаби жамоани майдондан олиб чиқиб кетди. Бироқ кейинчалик Сенегал яна майдонга қайтди, Марокаш пенальти зарбасини голга айлантира олмади ва сенегалликлар ғалабани қўлга киритди — 1:0.
“Работ шаҳрида бўлиб ўтган Марокаш ва Сенегал ўртасидаги Африка Миллатлар Кубоги финали чоғида айрим футболчилар ва расмий шахслар томонидан намойиш этилган номақбул хатти-ҳаракатларни Африка Футбол Конфедерацияси кескин қоралайди. Ташкилот учрашувлар вақтида, айниқса ҳакамлар бригадаси, учрашув расмийлари ёки мусобақа ташкилотчиларига қаратилган ҳар қандай ноўрин хатти-ҳаракатларни қатъиян қоралайди. Конфедерация барча видеоёзувларни кўриб чиқмоқда ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши учун иш ваколатли органларга тақдим этилади”, дейилади ташкилот баёнотида.
Турнир якунларига кўра, Сенегал терма жамоаси футболчиси Садио Мане мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилди. У 2026 йилги Африка Миллатлар Кубогида 2 та гол ва 2 та голли узатмага муаллифлик қилди. Марокаш ҳужумчиси Браҳим Диас 5 та гол билан турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди. Шунингдек, Марокаш терма жамоаси посбони Яссин Буну энг яхши дарвозабон сифатида “олтин қўлқоп” совринига муносиб кўрилди.
Маълумот учун, Сенегал Африка Миллатлар Кубогидаги иккинчи чемпионлигини расмийлаштирди. Аввалроқ жамоа 2021 йилда Камерунда ўтказилган турнир финалида Мисрни пенальтилар сериясида мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритган эди.








