Ишига масъулияцизлиги сабабли “Қарши нефть базаси” раҳбарини ишдан олиш бўйича топшириқ берилди. Бу ҳақда 18 январь куни “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Мўмин Ибодов хабар қилди.
Унинг билдиришича, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятидаги ўрганишларнинг учинчи кунини айнан ҳудуддаги “Қарши нефть базаси”нинг фаолиятини ўрганиш билан бошлади.
8 январь куни “Ўзбекнефтгаз”нинг марказий офисида барча нефть базаларининг раҳбарлари билан учрашув ўтказилиб, бўш турган ҳудудларни консервация қилиш орқали қўшимча солиқлардан, шу пайтгача тўлаб келинаётган солиқларни камайтириш бўйича топшириқлар берилганди. Йиғилишда нефть базаларни соғломлаштириш бўйича “фавқулодда ҳолат” эълон қилинганди.“Жуда ҳам танқидий руҳда йўналишлар, топшириқлар берилди. Ҳудудни, нефть базани рақамлаштириш орқали бу ердаги турли талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма берилди”, деди Мўмин Ибодов.
“Ўзбекнефтгаз” матбуот котибининг қайд этишича, “Қарши нефть базаси”да ҳеч қандай иш қилинмагани маълум бўлди ва бошқарув раисини соҳада йўл қўйган камчиликлари, ишига масъулияцизлиги сабабли ишдан олиш бўйича тегишли топшириқ берилди.
“Қарши нефть базаси”да аниқланган камчиликлар
Ўрганишлар давомида нефть базанинг бугунги ҳолати қониқарсиз экани қайд этилди. Хусусан, нефть маҳсулотларини реализация қилишда самарали ва шаффоф тизим йўлга қўйилмагани, корхона раҳбарияти томонидан бошқарув ва ички назорат механизмлари етарли даражада таъминланмагани сабабли қатор камчиликларга йўл қўйилган.
Аниқланган камчиликлар натижасида нефть база 2025-йилни молиявий зарар билан якунлаган. Таҳлилларга кўра, корхонада хўжалик фаолияти тўғри ташкил этилмаган, харажатлар топилган даромадларга мутаносиб равишда оптималлаштирилмаган. Бу эса, нефть базанинг молиявий ҳолати йил сайин оғирлашиб боришига олиб келган.
Шунингдек, “Қарши нефть базаси”да нефть маҳсулотлари зичлигини нотўғри қўллаш оқибатида истеъмолчилар манфаатларига зарар етказилган.
Компания сайтидаги маълумотларга кўра, “Қарши нефть базаси”да Бекзод Бобоназаров вақтинчалик директор вазифасини бажариб келган.
Бундан аввал “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов Термиз, Жиззах, Мароқанд ҳамда Кучлик нефть базалари раҳбарларини эгаллаб турган лавозимларидан озод этганди.








