Daryo

Ўзбекистон Саудия кўргазмасида Осакадагидан уч баробар катта павильон қуради

Ар-Риёд шаҳрида ўтказиладиган EXPО-2030 кўргазмасида иштирок этишга тайёргарлик ишлари бошланган.

2 дақиқа ўқиш48 029 кўришлар0 изоҳ15

Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган EXPO-2030 кўргазмасида Ўзбекистон томонидан майдони 3,6 минг квадрат метр бўлган павильон қурилиши режалаштирилган. 

Президент Шавкат Мирзиёев 15 январь куни халқаро маданий тадбирларнинг натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид тақдимот билан танишганида Саудиядаги ушбу тадбирда иштирок этишга тайёргарлик ишлари бошлангани маълум қилинди.

Мамлакатнинг Японияда бўлиб ўтган EXPO-2025 бутунжаҳон кўргазмасидаги иштироки якунлари ҳам сарҳисоб қилинди. Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг 1,2 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган “Билимлар боғи” павильонига 1 миллион нафарга яқин одам ташриф буюрди. Тақдим этилган экспозициялар халқаро миқёсда кенг ёритилди ҳамда энг кўп ташриф буюрилган павильонлар қаторидан жой олди. Осака шаҳрида ташкил этилган EXPO бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон павильони ўз йўналиши бўйича олий мукофотга — “Мавзунинг энг яхши очиб берилиши” номинациясида олтин медалга сазовор бўлганди.

2025-йилнинг июнида Японияда суратга олинган “Лолазор” подкастида ўша пайтда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган Элмурод Нажимов (ҳозир у Президент аппарати Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаменти бошлиғи ўринбосари) ушбу павильондаги барча материаллар Ўзбекистонга олиб кетилишини айтганди. Октябрь ойида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ушбу павильон Осакадан Нукусга олиб келинишини, “креатив парк” қурилиб, павильон ўша ерга жойлаштирилишини билдирди.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Саудия Арабистони 2030 йилги Жаҳон EXPO’сини пойтахт Ар-Риёдда ўтказади. У 2030 йил 1 октябрдан 2031 йил 31 мартгача давом этиши режалаштирилган.

Фото: World EXPO

2025 йилнинг августида Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги павильонига ташриф буюрганида навбатдаги бутунжаҳон кўргазмасига подшоҳлик мезбонлик қиладиган EXPO 2030 Ар-Риёд концепцияси тақдим этилди.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига кўра, ушбу тақдимот Ўзбекистон делегацияси учун бўлажак кўргазма режалари билан танишиш ва EXPO 2030 олдидан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун муҳим имконият бўлди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар