Daryo

Ўзбекистон ташқи сиёсат концепцияси нега қайта кўриб чиқилмоқда?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жаҳондаги геосиёсий ўзгаришлар ва глобал иқтисодий жараёнлар фонида Ўзбекистон ташқи сиёсатини замон талабларига мос равишда янгилаш зарурлигини таъкидлади. “Дарё” ушбу мавзу юзасидан сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Мухтор Назиров билан суҳбатлашди.

4 дақиқа ўқиш10 496 кўришлар0 изоҳ3

Куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари жаҳондаги геосиёсий ўзгаришлар ва глобал иқтисодий жараёнлар фонида Ўзбекистон ташқи сиёсатини замон талабларига мос равишда янгилаш зарурлигини таъкидлади.

Хўш, Ўзбекистон ташқи сиёсат концепциясини қайта кўриб чиқиш зарурати нимадан келиб чиқмоқда? Янги концепция қандай бўлиши керак ва бу жараён мамлакат ташқи сиёсатига қандай таъсир кўрсатади?

“Дарё” ушбу саволлар юзасидан сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Мухтор Назиров билан суҳбат ўтказди.

Ташқи сиёсат концепцияси — бу давлатнинг халқаро майдондаги устувор йўналишлари, тамойиллари ва мақсадларини белгилаб берувчи стратегик ҳужжатдир. У мамлакат ташқи сиёсатини ягона мантиқий тизимга солади ва дипломатик фаолият учун “йўл харитаси” вазифасини бажаради.

Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсат концепцияси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов томонидан 2012 йил 10 сентябрда имзоланган қонун (ЎРҚ-330) билан тасдиқланган. Ҳужжат ҳозирда Миллий қонунчилик базасида (Lex.uz) мавжуд эмас. Қонунга ҳавола Сенат кенгаши қарори матнида сақланиб қолган, аммо саҳифага ўтилганда “404” (Саҳифа топилмади) хатолиги акс этиб турибди.

Ташқи сиёсат фаолияти концепцияси қуйидаги асосий қоидаларни ўз ичига олади:

1. Ўзбекистон давлат, халқнинг олий манфаатлари, унинг фаровонлиги ва хавфсизлиги, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишлари, амалдаги миллий қонунчилик ва қабул қилинган халқаро мажбуриятлардан келиб чиқиб, иттифоқларга кириш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга қўшилиш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

2. Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди ҳамда ҳарбий-сиёсий блокка айлантирилган тақдирда ҳар қандай давлатлараро тузилмадан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;

3. Ўзбекистон қўшни давлатлардаги қуролли можаролар ва кескинлик ўчоқларига аралашувининг олдини олиш учун сиёсий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўрмоқда ҳамда ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва иншоотларнинг жойлаштирилишига йўл қўймайди;

4. Конституция, Мудофаа тўғрисидаги қонун ва Ҳарбий доктринага мувофиқ, Ўзбекистон Қуролли Кучлари фақат мамлакатнинг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолисининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида қатнашмайди.

Сиёсатшунос Мухтор Назиров “Дарё” билан суҳбатда, Ўзбекистон ташқи сиёсат концепциясини янгилаш зарурати анча олдин пайдо бўлганини қайд этди.

“Аслида, ҳар қандай ташқи сиёсатнинг пойдевори — иқтисодиёт. Мамлакатнинг ижтимоий масалаларни ҳал қила олиш даражаси, очиқлиги, ҳамкорларининг диверсификацияси, халқаро легитимлиги ва нуфузи ташқи сиёсатнинг самарадорлигини белгилайди. Шу маънода, Ўзбекистон ташқи сиёсат концепциясини янгилаш зарурати анча олдин пайдо бўлган. Бу эса Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар ва узоқ муддатли мақсадларни аниқ белгилаб олганини англатади.Очиғини айтганда, 2012 йилда қабул қилинган концепциянинг асосий тамойиллари ҳануз сақланиб қолмоқда: Марказий Осиё устувор йўналиш бўлиб қолаётгани, қуролли можароларга аралашмаслик, хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик ва блокдан ташқари сиёсат юритиш шулар жумласидан. Бироқ Марказий Осиёдаги интеграция ва ўзаро ишонч даражаси 2012 йилга нисбатан кескин ўзгарди ва бу ташқи сиёсатда акс этиши лозим.Иккинчи муҳим жиҳат — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мафкуравийликдан прагматик йўналишга, яъни иқтисодий манфаатларга таянган моделга ўтганидир. Учинчидан эса бугун Ўзбекистон ташқи сиёсати фақат миллий манфаатларни эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг умумий ривожланиш мақсадларини ҳам ўзида мужассам этмоқда. Эндиликда Ўзбекистон муваффақияти минтақа муваффақияти билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли бу умумминтақавий тафаккур янги ташқи сиёсат ҳужжатида ўз аксини топиши давр талабидир”, дейди мутахассис.

Сиёсий фанлар доктори Фарҳод Каримов ташқи сиёсат концепциясининг илдизига тўхталиб ўтди.

“Ўзбекистон ташқи сиёсат концепциясининг илдизи 1992 йилги Конституциянинг 17-моддасида белгиланган тамойилларга бориб тақалади. У даврда янги, мустақил давлат сифатида Ўзбекистон ташқи босимлар ва хуружлар эҳтимолини инобатга олиб, ҳимоявий ва нейтрал ташқи сиёсат моделини танлади. Яъни: қуролли можароларга аралашмаслик, ҳарбий блокларга қўшилмаслик, хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик каби принциплар концепциянинг асосини ташкил этди. Бу ҳужжат асосан Ўзбекистонни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилувчи ‘қалқон’ вазифасини бажарди.1990–2000 йилларда, жумладан, Хонобод ҳарбий базаси, ОДКБ ва бошқа хавфсизлик масалаларида айнан шу тамойиллар асосий мезон бўлиб хизмат қилди. 2012 йилда қабул қилинган концепция ҳам мазмунан шу ҳимоявий ёндашувдан узоқлашмади”, дейди сиёсатшунос.

У, шунингдек, бугун Ўзбекистон минтақавий ва глобал жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиб улгурганини таъкидлади.

“Аммо бугун вазият тубдан ўзгарди. 2017 йилдан кейин Ўзбекистон очиқ ва фаол ташқи сиёсат юрита бошлади, минтақавий ва глобал жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Энди ташқи сиёсат фақат Ўзбекистон манфаатлари билан эмас, балки бутун Марказий Осиё ривожи билан чамбарчас боғланмоқда. C5+, кўп томонлама форматлар, дунёга очиқлик ва иқтисодий дипломатия бунга мисол.Шу боис янги концепцияда тамойиллардан воз кечмасдан, аниқ фаолият йўналишлари ва устувор мақсадлар белгиланиши зарур. Энди фақат ‘аралашмаймиз’ дейиш етарли эмас — геосиёсий турбулентлик шароитида қайси минтақа ва қайси давлатлар билан қандай мақсадлар кўзланаётгани очиқ ва шаффоф кўрсатилиши керак.Бу, айниқса, инвесторлар ва халқаро ҳамкорлар учун муҳим. Янги концепция Ўзбекистоннинг камида 15–20 йиллик ташқи сиёсий йўналишлари мустаҳкам эканини кўрсатиб бериши лозим. Шу маънода, ишлаб чиқилаётган концепция 2012 йилдагисига нисбатан анча аниқ, мазмунан бой ва амалий йўналтирилган ҳужжат бўлиши кутилмоқда”, деди 
Фарҳод Каримов. 

Ушбу суҳбатнинг тўлиқ версиясини “Дарё”нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Сардор Али суҳбатлашди

Туғилган жой: Тошкент тумани Таълим: Чирчиқ давлат педагогика университети “Дарё”даги фаолиятим: 2024 йил октябрь ойидан буён “Дарё”да мухбир лавозимида ишлайман. Асосан таҳлилий мақолалар тайёрлаш ва интервьюлар ўтказиш билан шуғулланаман. Севимли фильмларим: Форрест Гамп, Узуклар ҳукмдори, Анна, Шовшенкдан қочиш Севимли китобларим: Ўткир кунлар, Анна Каренина, Тирилиш, Буюк шахмат тахтаси, Граф Монта Кристо.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар