UFC ўрта вазн (84 кг) тоифасида амалдаги чемпион, 31 ёшли Ҳамзат Чимаевнинг Чеченистонда йўл-транспорт ҳодисасида вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда “Чечня Сегодня” ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Аввалроқ Чеченистондаги бир нечта манбалар йўл-транспорт ҳодисаси юз берганини тасдиқлаган, айрим хабарларда эса автоҳалокат вақтида Чимаев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров билан бир машинада бўлгани айтилганди. Бироқ ушбу маълумотлар расман тасдиқланмади.
“Ҳамзат Чимаев иштирокидаги ҳалокатли ЙТҲ ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Аммо у ҳозир Дубайда. Унинг аҳволи яхши”, дейилади “Чечня Сегодня” хабарида.
Ҳозирча Ҳамзат Чимаевнинг вафоти бўйича расмий тасдиқ мавжуд эмас. Шунингдек, Адам Қодировнинг ҳолати юзасидан ҳам аниқ маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг кенжа фарзанди Адам Қодиров Грозний шаҳрида автоҳалокатга учрагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, Чимаев 1994 йил 1 май куни Чеченистонда туғилган бўлиб, 2020-йилда UFC’да дебют қилган ва 66 кун ичида 3 та жангда рақибларини нокаутга учратиб, ўзига хос рекорд қайд этган. У ҳозирга қадар ушбу промоушенда 15 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини мағлуб этган.








