Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги саволга муносабат билдирди.
“Мен бу лавозимга ишлаш учун келдим. Биринчи кундан бошлаб, кетадиган сўнгги кунимгача фақат ўз вазифамни бажараман. Чунки бу менинг клуб олдидаги бурчим”, дейди мутахассис.
Аввалроқ “қироллик клуби” Испания Кубоги 1/8 финали доирасида мамлакатнинг иккинчи даражали чемпионати — Сегунда лигасида иштирок этувчи “Альбасете”га қарши баҳсда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Ушбу учрашув Арбелоа учун “Реал” бош мураббийи сифатидаги дебют ўйини бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Альваро Арбелоа “Реал” бош мураббийлиги лавозимида собиқ жамоадоши Хаби Алонсонинг ўрнига тайинланган эди. Алонсо Испания Суперкубоги финалида “Барселона”га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг клубни тарк этган.
Маълумот учун, Альваро Арбелоа 2025 йил июнь ойидан буён клуб ўринбосарлар жамоаси — “Кастиля”га мураббийлик қилиб келаётган эди. У 2020 йилдан бери “Реал” академиясида турли ёш тоифаларида мураббий сифатида фаолият юритган.
Футболчилик фаолияти давомида Альваро Арбелоа Хаби Алонсо сингари “Реал” тарихидаги энг муваффақиятли даврлардан бирида клуб шарафини ҳимоя қилган. У 2009–2016 йиллар оралиғида “қироллик клуби” сафида 238 та расмий учрашувда майдонга тушиб, жами 8 та совринни қўлга киритган: икки марта УЕФА Чемпионлар Лигаси, бир марта клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, бир мартадан УЕФА Суперкубоги, Ла Лига ва Испания Суперкубоги, шунингдек, икки марта Испания кубоги.








