Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи лавозимига тайинланган испаниялик мутахассис Альваро Арбелоанинг мураббийлар штаби эълон қилинди.
Олти нафар мураббийдан тўрт нафари аввалроқ собиқ ҳимоячи билан “қироллик клуби”нинг ёшлар жамоасида фаолият олиб борган.
“Реал Мадрид”нинг расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, Арбелоанинг ёрдамчилари этиб Хулиан Кармона, Кевин Кардеиро ва Рикардо да Сильва тайинланди. Уларнинг барчаси мураббий билан “Кастиля”да бирга ишлаган, Рикардо да Сильва эса жисмоний тайёргарлик бўйича масъул бўлган.
Шунингдек, техник таҳлилчи лавозимига Франсис Санчес тайинланди. У ҳам аввалроқ мадридликларнинг ёшлар жамоасида фаолият олиб борган. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида Антонио Пинтус қайд этилди. Мутахассис бу вазифани Хаби Алонсо келишидан аввал ҳам бажарган. Дарвозабонлар билан ишловчи мураббий этиб эса Луис Лопис тайинланди.
Маълумот учун, 42 ёшли испаниялик мутахассис 2025 йил июнь ойидан буён “Реал”нинг ўринбосарлар жамоаси — “Кастиля”га мураббийлик қилиб келаётган эди. У 2020 йилдан буён клуб академиясида мураббийлик фаолияти билан шуғулланиб келади.
Футболчи сифатида Альваро Арбелоа “Реал” тарихидаги энг муваффақиятли даврлардан бирида клуб шарафини ҳимоя қилган. У 2009–2016 йиллар оралиғида “қироллик клуби” сафида 238 та расмий учрашувда майдонга тушган.








