Альваро Арбелоа келаси мавсумда ҳам “Реал Мадрид” бош мураббийи бўлиб қолади. Бу ҳақда Marca нашри хабар берди.
42 ёшли мутахассис Хаби Алонсо истеъфога чиқарилганидан сўнг жамоани бошқаришга киришди. Испаниялик мураббий клуб билан 2026 йил июнь ойидан кейинги даврни ҳам қамраб олувчи янги шартнома имзолаган.
Маълумотларга кўра, Арбелоа билан “1+1” кўринишида шартнома тузилган. Бу эса клубнинг уни асосий жамоа бош мураббийи сифатида қўллаб-қувватлаётганини тасдиқлайди. Режага кўра, Арбелоа жорий мавсум якунлангач ҳам жамоани бошқаришда давом этади.
Фақатгина спорт директори ва клуб президенти белгиланган вазифалар бажарилмади, деган хулосага келса, шартнома муддатидан аввал бекор қилиниши мумкин.
Ҳозирда “Реал Мадрид” Ла Лига турнир жадвалида 19 турдан сўнг 45 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. “Қироллик клуби” етакчи “Барселона”дан 4 очко ортда бормоқда.
“Реал Мадрид”нинг расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, Арбелоанинг ёрдамчилари этиб Хулиан Кармона, Кевин Кардеиро ва Рикардо да Сильва тайинланган. Уларнинг барчаси мураббий билан “Кастиля”да бирга ишлаган, Рикардо да Сильва эса жисмоний тайёргарлик бўйича масъул бўлган.
Шунингдек, техник таҳлилчи лавозимида Франсис Санчес фаолият юритади. У ҳам аввалроқ мадридликларнинг ёшлар жамоасида ишлаган. Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида Антонио Пинтус қайд этилган. Мутахассис бу вазифани Хаби Алонсо келишидан аввал ҳам бажарган. Дарвозабонлар билан ишловчи мураббий сифатида эса Луис Лопис танланган.
Маълумот учун, 42 ёшли испаниялик мутахассис 2025 йил июнь ойидан буён “Реал Мадрид”нинг ўринбосарлар жамоаси — “Кастиля”га мураббийлик қилиб келаётган эди. У 2020-йилдан буён клуб академиясида мураббийлик фаолияти билан шуғулланиб келади.








