Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа Испания Кубоги 2025/26-йилги мавсумида жамоанинг мусобақани эрта тарк этиши ҳақида фикр билдириб, мағлубиятни ўз зиммасига олди.
“Бу клубда дуранг ҳам салбий натижа сифатида қабул қилинади. Мағлубият эса, айниқса пастроқ лига вакилига қарши бўлса, янада оғир баҳоланади. Агар айбдор изланадиган бўлса, биринчи навбатда бу — мен. Таркибни танладим, ўйин услубини белгиладим ва алмаштиришларни амалга оширдим. Футболчилар мени яхши қабул қилгани учун раҳмат айтаман. Энди мен уларнинг жисмоний ҳамда руҳий ҳолатини тиклашга ёрдам бераман. Таркиб борасида ишончим комил эди. Жамоада иқтидорли футболчилар бор, бироқ мен талаб қилаётган нарсани дарҳол бажариш осон эмас. Якунда масъулият барибир менинг зиммамда қолади”, деди Арбелоа ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Маълумот ўрнида, турнирнинг 1/8 финал босқичида “қироллик клуби” “Альбасете”га 2:3 ҳисобида ютқазди. Ҳал қилувчи гол иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ўтказиб юборилди. “Альбасете” Испаниянинг иккинчи лигаси вакили бўлиб, жамоа ҳозирда турнир жадвалида 24 очко билан 17-поғонани эгаллаб турибди.








