Daryo

Ўзбекистонда бир йилда 15 млн тоннадан ортиқ маиший чиқинди ҳосил бўлди

Чиқиндиларни олиб чиқиш ва санитария тозалаш хизматлари учун аҳоли томонидан 1,3 трлн сўмдан ортиқ тўлов амалга оширилди. Шу билан бирга, ушбу хизматлар бўйича аҳоли қарздорлиги 622,7 млрд сўмни ташкил этмоқда.

2 дақиқа ўқиш5 853 кўришлар0 изоҳ1

Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказди.

Унда чиқиндиларни бошқариш, санитария хизматлари қамрови, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича асосий натижалар маълум қилинди.

Қайд этилишича, республикада мавжуд 9 минг 452 та маҳаллада яшовчи 37,5 миллион аҳолининг 8 минг 105 та маҳалласи, яъни 23,9 миллион нафари санитария тозалаш хизматлари билан қамраб олинган. 2025 йил якунларига кўра, мамлакат бўйича жами 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган. Аҳоли томонидан кўрсатилган хизматлар учун 1 триллион 304 миллиард сўм тўлов амалга оширилган бўлса, хизматлар бўйича дебитор қарздорлик 622,7 миллиард сўмни ташкил этган.

Шу билан бирга, ҳақиқатда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 211,9 миллиард сўмлик нореал дебитор қарздорликлар электрон тизимдан чиқариб ташланган. Соҳа фаолиятини шаффофлаштириш мақсадида “Тоза Макон” ягона электрон биллинг тизими узлуксиз ишга туширилгани таъкидланди.

Инфратузилмани ривожлантириш доирасида 6 та ҳудудда экосаноат зоналари, 11 та ҳудудда эса жами 14 та қайта юклаш пунктларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқарувчи заводлар барпо этилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида тиббиёт чиқиндиларини ёқиш орқали иссиқлик энергияси олиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Санитар тозалаш корхоналарини моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 79 та чиқинди ташиш техникаси ва 220 та чиқинди контейнери топширилган. Бундан ташқари, 3 минг 230 та махсус чиқинди ташиш техникасига GPS қурилмалари ўрнатилиб, транспорт ҳаракати ва хизматлар сифати назоратга олинган. 113 та санитария тозалаш корхонаси фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари мунтазам баҳоланиб борилган.

Брифингда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 21 минг 300 дан ортиқ мурожаат ўрганилгани ҳам маълум қилинди. Шу билан бирга, экологик талаб ва меъёрларга жавоб бермаган, умумий майдони қарийб 100 гектарни ташкил этувчи 23 та қаттиқ маиший чиқинди полигонининг фаолияти тўхтатилган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар