АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ва яна 74 та давлат фуқаролари учун иммиграцион визалар беришни тўхтатиши хабар қилинганди. Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурхонов ўзбекистонликларга виза бериш тизими давом этаётганини маълум қилди.
Вазирлик вакили Ўзбекистон АҚШ иммиграция визаларини бериш вақтинча тўхтатиладиган 75 та давлат рўйхатига киритилган бўлса-да, ҳали ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаганини билдирди.
“Фуқароларимизга виза бериш тизими қандай ишлаган бўлса, шундай давом этяпти”, деди Аҳрор Бурхонов “Дарё” сўровига кўра берган изоҳида.
Давлат департаменти бутун дунё бўйлаб консуллик ходимларига амалдаги қонун доирасида визаларни рад этиш бўйича кўрсатма берган. Қарор виза аризаларини текшириш ва баҳолаш тартиби қайта кўриб чиқилгунига қадар амал қилади. Чеклов 21 январдан кучга киради. Янги мезонлар қачон жорий этилиши бўйича эса аниқ муддат белгиланмаган.Тақиқ фақатгина иммиграция визаларига амал қилади, бошқа визалар учун аризалар қабул қилинаверади. Амалдаги иммиграция визалари бекор қилинмайди. Туристик визалар эса аввалги тартибда берилади.
Иммиграцион виза нима?Иммиграцион виза АҚШ консули томонидан бериладиган ва Америка Қўшма Штатларига етиб бориб, доимий қонуний резидент (
LPR – Legal Permanent Resident)
сифатида мамлакат ҳудудига киришга мурожаат этишга имкон берадиган ҳужжатдир. АҚШ Давлат хавфсизлиги департаментига қарашли АҚШ Божхона ва чегарани қўриқлаш хизматининг иммиграция инспектори фуқаро доимий қонуний резидент сифатида кириши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида якуний қарор қабул қилади. Фуқаро доимий қонуний резидент сифатида қабул қилингач, унга АҚШ ҳудудида доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқи берилади.)
Ушбу рўйхатдан қуйидаги мамлакатлар ўрин олди: Ўзбекистон, Афғонистон, Альбания, Жазоир, Антигуа ва Барбуда, Арманистон, Озарбайжон, Багама ороллари, Бангладеш, Барбадос, Беларусь, Белиз, Бутан, Босния, Бразилия, Бирма, Камбоджа, Камерун, Кабо-Верде, Колумбия, Кот-д’Ивуар, Куба, Конго Демократик Республикаси, Доминика, Миср, Эритрея, Эфиопия, Фижи, Гамбия, Грузия, Гана, Гренада, Гватемала, Гвинея, Гаити, Эрон, Ироқ, Ямайка, Иордания, Қозоғистон, Косово, Қувайт, Қирғизистон, Лаос, Ливан, Либерия, Ливия, Македония, Молдова, Мўғулистон, Черногория, Марокаш, Непал, Никарагуа, Нигерия, Покистон, Конго Республикаси, Россия, Руанда, Сент-Киц ва Невис, Сент-Люсия, Сент-Винсент ва Гренадина, Сенегал, Серра-Леоне, Сомали, Жанубий Судан, Судан, Сурия, Танзания, Таиланд, Того, Тунис, Уганда, Уругвай ва Яман.








