АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонига қиймати қарийб 5 млрд доллар бўлган юқори аниқликдаги авиация ўқ-дориларини сотишни маъқуллади. Бу ҳақда идора сайтида хабар қилинган.
Гап JDAM-ER туридаги ўқ-дорилар ҳақида кетмоқда. Ушбу тизим оддий авиабомбаларни нишонга аниқ йўналтириш ва уларнинг зарба бериш масофасини ошириш имконини беради.
Эҳтимолий битимнинг умумий қиймати 5 млрд долларга баҳоланган. Унинг асосий пудратчиси Boeing компанияси бўлиши кутилмоқда.
АҚШ Конгрессига юборилган хабарномага кўра, Саудия Арабистони 10 мингдан ортиқ авиация ўқ-дорилари ва JDAM бошқарув тўпламларини сотиб олишни сўраган. Пакетга вазни қарийб 227 килограмм бўлган 5 004 та авиабомба ҳамда тахминан 907 килограммлик 5 000 та оғир бомба киради. Улар юқори аниқликдаги бошқарув модуллари билан жиҳозланиши кўзда тутилган.
Шунингдек, етказиб бериш тўпламига FMU-139 портлатгичлари, DSU-38 ва DSU-40 лазерли ҳамда оптик нишон датчиклари, контейнерлар, эҳтиёт қисмлар, шунингдек, техник хизмат кўрсатиш ва логистик таъминот ҳам киради.
Бундан ташқари АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонига яна 750 млн долларлик AGT-1500 двигателларини сотишни ҳам маъқуллаган. Ушбу двигателлар М1 Abrams танкларида қўлланади. Бу битимнинг асосий пудратчиси Honeywell компанияси бўлади.
АҚШ Саудия Арабистонига 2026 йил бошида ҳам бир нечта йирик ҳарбий пакетларни маъқуллаган.
30 январь куни Давлат департаменти Саудия Арабистонига 730 та Patriot PAC-3 MSE ракетаси ва уларга тегишли жиҳозларни 9 млрд долларга эҳтимолий сотишга рухсат берган. 3 февраль куни эса Саудия Арабистонининг F-15 қирувчиларига техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш учун яна 3 млрд долларлик эҳтимолий битим маъқулланган.








