Африка Миллатлар Кубоги ярим финали доирасида Сенегал ва Миср терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етди. Баҳс Марокашнинг Танжер шаҳрида жойлашган “Ибн Батута” стадионида бўлиб ўтди. Унда Сенегал терма жамоаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ягона гол 78-дақиқада Сенегал ҳужумчиси Садио Мане томонидан киритилди. Саудия Арабистонинг “Ан-Насср” клуби футболчиси узоқ масофадан йўлланган зарбаси билан ҳисобни очди ва жамоасининг ғалабасини таъминлади.
Турнир финалида Сенегал терма жамоаси Нигерия — Марокаш жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.
2026 йилги Африка Миллатлар Кубоги мусобақаси Марокашда бўлиб ўтмоқда. Сенегал терма жамоаси чорак финал босқичида Мали устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олган, Миср эса 1/4 финалда Кот-д’Ивуар терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этган эди.
Турнирнинг амалдаги ғолиби Кот-д’Ивуар бўлиб, жамоа 2023 йилги мусобақа финалида Нигерияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган.








