Opta суперкомпютери 2026 йилги Африка Миллатлар Кубогида ғалаба қозониш учун асосий даъвогар жамоаларни аниқлади. Opta Analyst нашри эса мусобақанинг чорак финал босқичи олдидан ушбу натижаларни эълон қилди.
Африка Миллатлар Кубогида ғалаба қозониш эҳтимоли энг юқори бўлган жамоалар:
- Марокаш — 23,3 фоиз
- Сенегал — 16,6 фоиз
- Жазоир — 13,9 фоиз
- Нигерия — 12 фоиз
- Миср — 11,8 фоиз
Чорак финал учрашувлари 9–10 январь кунлари ўтказилиши режалаштирилган ва унда қитъанинг энг совриндор жамоалари иштирок этади:
- Мали — Сенегал
- Камерун — Марокаш
- Жазоир — Нигерия
- Миср — Кот-д’Ивуар
Маълумот учун, 2026 йилги Африка Миллатлар Кубоги Марокашда ўтказилмоқда. Мусобақада олти гуруҳга бўлинган 24 та миллий терма жамоа иштирок этди. Турнир 18 январга қадар давом этади. Амалдаги чемпион — Кот-д’Ивуар терма жамоаси бўлиб, улар 2023-йилги турнир финалида Нигерияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган.
Аввалроқ Марокаш Африка Миллатлар Кубогидан 450 миллиондан 1,2 миллиард долларгача даромад олиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Турнир мамлакат туризмига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Марокаш қўшимча равишда 500 мингдан 1 миллионгача хорижий меҳмонни қабул қилмоқда. Меҳмонхона, транспорт, кафе ва ресторанлар даромади 450 миллиондан 1,2 миллиард долларгача ошиши кутиляпти.
Шунингдек, Марокаш ўйинлар трансляцияси ҳуқуқларини сотишдан 22,5 миллион доллар даромад олди. ОАВ маълумотларига кўра, Марокаш Африка Миллатлар Кубогини ўтказиш учун инфратузилмага жами 16,3 миллиард доллар сарфлаган. Ушбу тайёргарлик 2030-йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатини ҳам ўз ичига олади — қурилган стадионлардан мундиалда ҳам фойдаланилади. 2030-йилги Жаҳон чемпионати бир вақтнинг ўзида учта давлат — Испания, Португалия ва Марокашда ўтказилади. Гуруҳ босқичи ҳамда плей-офф доирасидаги бир қанча учрашувлар ушбу мамлакатда ўтказилиши кўзда тутилган.








