Африка Миллатлар Кубоги ярим финали доирасида Нигерия ва мусобақа мезбони Марокаш терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Баҳс Марокашнинг Работ шаҳрида жойлашган “Шаҳзода Мулай Абдуллоҳ” стадионида бўлиб ўтди. Асосий ва қўшимча бўлимларда ҳисоб очилмади, пенальтилар сериясида эса марокашликлар 4:2 ҳисобида зафар қучиб финал йўлланмасини қўлга киритди.
Пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбани ҳужумчи Юсуф Эн-Несири аниқ амалга оширди.
Турнир финалида Марокаш терма жамоаси Сенегал билан тўқнаш келади. Сенегал ярим финалнинг дастлабки учрашувида Миср терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Учинчи ўрин учун баҳс 17 январь куни бўлиб ўтади, финал учрашуви эса 18 январь кунига белгиланган.
Африка Миллатлар Кубогининг амалдаги ғолиби Кот-д’Ивуар бўлиб, жамоа 2023-йилги турнир финалида Нигерияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган.
Аввалроқ Марокаш Африка Миллатлар Кубогидан 450 миллиондан 1,2 миллиард долларгача даромад олиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Турнир мамлакат туризмига ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Хусусан, Марокаш қўшимча равишда 500 мингдан 1 миллионгача хорижий меҳмонни қабул қилди.
Шунингдек, Марокаш ўйинлар трансляцияси ҳуқуқларини сотишдан 22,5 миллион доллар даромад олди. ОАВ маълумотларига кўра, Марокаш Африка Миллатлар Кубогини ўтказиш учун инфратузилмага жами 16,3 миллиард доллар сарфлаган. Ушбу тайёргарлик 2030 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатини ҳам ўз ичига олади — қурилган стадионлардан мундиалда ҳам фойдаланилади. 2030 йилги Жаҳон чемпионати бир вақтнинг ўзида учта давлат — Испания, Португалия ва Марокашда ўтказилади. Гуруҳ босқичи ҳамда плей-офф доирасидаги бир қанча учрашувлар ушбу мамлакатда ўтказилиши кўзда тутилган.








