Португалия терма жамоаси ҳамда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби ярим ҳимоячиси Рубен Невеш фаолиятини Англия Премьер Лигасида давом эттириши мумкин. ESPN нашрининг хабар беришича, ушбу трансфер клубнинг январь ойидаги илк хариди бўлиши мумкин.
Манбага кўра, бош мураббий масаласи ҳал этилгач, “қизил иблислар” ярим ҳимоя чизиғини кучайтиришни режалаштирмоқда. Айни пайтда асосий номзод Невеш болиб, манкунианликлар футболчини “Ал-Ҳилол”дан сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Клуб футболчини 20 миллион фунт стерлинг (тахминан 23 миллион евро) эвазига трансфер қилишни мўлжалламоқда. Қайд этилишича, “Манчестер Юнайтед” Невеш ва бошқа трансферни амалга ошириш учун етарли молиявий имкониятга эга. Агар клублар барча шартлар бўйича келишувга эриша олса, раҳбарият янги трансферлар учун маблағ ажратишга тайёр.
Аввалроқ Невешга Мадриднинг “Реал” клуби ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унга кўра, “қироллик клуби” ярим ҳимоячини ёзги трансфер ойнаси вақтида эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олишни мўлжалламоқда.
Невеш “Ал-Ҳилол” сафида 2023 йил ёзидан буён ҳаракат қилиб келмоқда. Жорий мавсумда у барча мусобақаларда 20 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол ва 3 та голли узатма муаллифи бўлди. Transfermarkt портали маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 25 миллион еврони ташкил этади. Футболчининг риёдликлар билан шартномаси 2026-йилнинг ёзига қадар амал қилади.








