Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби раҳбарияти 31 ёшли ярим ҳимоячи Бруну Фернандешни сотиш имкониятини жиддий кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар берди.
Манбага кўра, манкунианлар португалиялик футболчини сотиш орқали таркибга ёш футболчилар жалб қилишни режалаштирмоқда. Клуб Фернандешни тахминан 70 миллион фунт стерлинг (қарийб 79,8 миллион евро) эвазига қўйиб юбориши мумкин.
Брунуга кўплаб жамоалар қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” ва “Ал-Иттиҳод” клублари ярим ҳимоячини ўз сафига қўшиб олиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Агар улар “Манчестер Юнайтед” билан келишувга эриша олса, трансфер амалга ошиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Бруну Фернандеш 2020 йил январидан буён “Манчестер Юнайтед” сафида тўп сурмоқда. Шу вақт ичида у барча мусобақалар доирасида жами 306 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 102 та гол ва 92 та ассист ёздириб қўйган. Футболчининг клуб билан шартномаси 2027-йилнинг ёзигача амал қилади. Transfermarkt порталига кўра, ярим ҳимоячининг бозор қиймати ҳозирда 40 миллион еврони ташкил этади.








