Daryo

“Манчестер Юнайтед” А Серия юлдузини нишонга олди

“Манчестер Юнайтед” ёзги трансфер ойнаси олдидан ўз таркибини кучайтириш мақсадида “Милан” етакчиси Рафаэл Леау учун ҳаракатларни фаоллаштирди.

2 дақиқа ўқиш3 054 кўришлар0 изоҳ2

“Манчестер Юнайтед” клуби “Милан” етакчиси Рафаэл Леауни сотиб олиши мумкин. Хабарларга кўра, клуб скаутлари футболчининг А Серия доирасидаги ўйинини бевосита кузатиб бормоқда. Португалиялик ҳужумчи “қизил иблислар”нинг ёзги трансфер ойнаси учун асосий мақсадларидан бирига айланган.

Cалcио Мерcато нашрининг маълум қилишича, “Манчестер Юнайтед” вакиллари якшанба оқшомида “Сан-Сиро”да бўлиб ўтган “Милан” ҳамда “Ювентус” (0:0) ўртасидаги баҳсга ташриф буюрган. 26 ёшли Леау учрашувда 81 дақиқа ҳаракат қилди. “Россонери” турнир жадвалида учинчи ўринда қолган бўлса-да, гол ура олмаган ҳужумчи майдонни тарк этаётганда мезбон мухлислар томонидан яна бир бор ҳуштакбозликлар билан кутиб олинди.

“Юнайтед” ўтган ёзда Матеус Куня, Брайан Мбеумо ва Бенжамин Шешко каби футболчилар учун катта маблағ сарфлаганига қарамай, трансфер бозорида фаол бўлишда давом этмоқчи. Клуб раҳбарияти Чемпионлар Лигасига чиқиш арафасида турган Майкл Керрик жамоасини янада кучайтиришни мақсад қилган.

Узоқ вақт давомида Леаунинг нархи ўта юқори деб ҳисобланган бўлса-да, сўнгги маълумотларга кўра, “Милан” раҳбарияти уни энди “дахлсиз” деб ҳисобламаяпти. Италия гранди молиявий йил якунига қадар балансни тиклаш учун тахминан 52 миллион фунт стерлинг миқдоридаги таклифни қабул қилишга тайёр.

Ҳужумчининг “Милан” билан шартномаси якунланишига яна икки йил бор. Бироқ, клуб муносиб таклиф тушса, уни сотишга тайёр. Леаунинг ёши ва профили (чап қанот ва марказий ҳужумда ўйнай олиши) ҳисобга олинса, кўплаб Европа клублари ушбу нархни аъло деб ҳисобламоқда.

Машҳур инсайдер Фабрицио Романо ўзининг YouTube канали орқали Премьер Лиганинг бир қатор клублари футболчи билан қизиқаётганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча расмий музокаралар бошланмаган бўлса-да, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Сизга айта оламанки, Премьер Лиганинг бир неча клублари Леаунинг вазиятини тушуниш учун қўнғироқ қилишни бошлаган. Мендаги маълумотларга кўра, ҳозирда икки клуб бу борада фаолроқ. Гап расмий таклифлар ҳақида эмас, балки вазиятни ўрганиш ҳақида бормоқда”, дея таъкидлади Романо.

Маълумот учун, 26 ёшли Леау жорий мавсум “Милан” сафида барча мусобақалар доирасида 28 та учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 65 миллион еврога баҳоламоқда.

Farg‘ona viloyati Bog‘dod tumanida tug‘ilganman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti Sport jurnalistikasi fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2025-yil dekabr oyidan beri sport muxbiri lavozimida ishlayman va maxsus videomateriallar, tarjima maqolalar hamda xabarlar tayyorlayman. Sevimli filmim “Forrest Gamp”. “Shamol ortidan yugurib” (Xolid Husayniy) romanini yaxshi koʻraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар