Ўзбекистон ҳудудига совуқ антициклон кириб келиши кутилмоқда. Ушбу жараён босқичма-босқич кечиб, дастлабки кунларда атмосферада ҳаво алмашинуви сусаяди.
“Ўзгидромет” маълумотига кўра, ҳаво алмашинуви заифлашиши натижасида атмосферада ифлословчи моддалар ҳамда майда чанг заррачаларининг (PM2,5 ва PM10) тўпланиши эҳтимоли мавжуд. Бу ҳолат ҳаво ифлосланиши кўрсаткичларининг ошишига олиб келиши мумкин. Мазкур вазият тахминан уч кун давом этади.
Антициклон таъсири 16—17 январь кунларига келиб кучайиб, республиканинг деярли барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда. Кундузги ҳароратлар билан бирга, тунги ва эрталабки соатларда совуқ янада сезиларли бўлади.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда ёмғир ёки қор кўринишидаги қисқа муддатли ёғингарчиликлар прогноз қилинмоқда. Ёғингарчилик ва шамол ҳисобига атмосферада тўпланиб қолган майда заррачалар ювилиб, ҳаво сифати қисқа муддатга яхшиланиши мумкин.








