Ўзбекистонда нотўғри ўрнатилган датчиклар фуқароларга ҳаво сифати бўйича хато маълумотлар тақдим этаётгани аниқланди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар қилди.
Сўнгги кунларда тадбиркорлик субъектлари, корхоналар ва фуқаролар томонидан ўрнатилган атмосфера мониторинги датчиклари маълумотлари ҳамда “Ўзгидромет” томонидан ўрнатилган автоматик станциялар тақдим этаётган маълумотларда катта фарқ кузатилган.
Ходимлар атмосфера ҳавоси сифатини автоматик ўлчаш мобил станцияси билан юқорида келтирилган датчиклар ўрнатилган ҳудудларда маълумотларни таққослаб кўришган.
Бунинг натижасида аксарият датчиклар тегишли стандартлар ва йўриқнома талабларига мувофиқ ўрнатилмагани ҳамда кўрсаткичлар хатоликлар билан акс этаётгани маълум бўлди. Бу республикада атмосфера ҳавоси сифатини ўлчашда, шунингдек, ҳаққоний маълумотларни фуқароларга етказишда муаммолар келтириб чиқарган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича датчик эгаларига тегишли тавсиялар берилаётгани билдирилди.
Ўзбекистонда Аир Мониторинг Uzbekistan платформаси ишга туширилиши хабар қилинганди. 2025 йил якунига қадар атмосфера ҳавоси ифлосланишининг фон мониторинги учун 347 та автоматлаштирилган станция тўғридан тўғри шартномалар асосида сотиб олиниб, янги платформага уланади.








