Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритиш мезонлари, уларнинг молиявий ҳисоботлари ва аудитига қўйиладиган талаблар ҳамда шундай ташкилотлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат билан юқори ижтимоий ва иқтисодий таъсирга эга йирик тижорат ташкилотлари томонидан йиллик молиявий ҳисоботларини Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ тақдим этиш талаби енгиллаштирилди.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:
- акциялари оммавий савдоларга чиқариладиган ташкилотлар;
- тижорат банклари, микромолия банклари, микромолия ташкилотлари, факторинг ташкилотлари, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари ва кафолатлар бериш ташкилотлари, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари;
- инвестиция фондлари;
- биржалар;
- активларининг баланс қиймати БҲМнинг 1 млн бараваридан ортиқ ҳамда маҳсулот, товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган йиллик соф тушуми ва дивиденд шаклидаги даромадлари биргаликда БҲМнинг бир миллион бараваридан ортиқ бўлган давлат иштирокидаги корхоналар.
Шу билан бирга, охирги 2 йил давомида ҳисобот йили якунларига кўра, йиллик соф тушуми ёки активларининг баланс қиймати БҲМнинг 1 миллион бараваридан, ходимларининг ўртача йиллик сони 500 нафардан кам бўлмаган ташкилотлар ҳам жамоат аҳамиятига эга деб топилади.
Ушбу мезонларга тушадиган ташкилотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан юритиладиган махсус реестрга киритилади ва ҳар йили 1 июлга қадар Ҳукумат портали ягона платформаси ҳамда Очиқ маълумотлар порталида эълон қилинади.
Аввалроқ, Ўзбекистонда тадбиркорларга солиқ муносабатларида янги енгилликлар берилгани хабар қилинганди.








