Тармоқларда фуқароларни Ижтимоий реестрдан чиқариш билан боғлиқ турли фикрлар билдирилаётгани сабабли Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, оилалар даромадини ошириш ва уларни барқарор даромад манбаи билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Агентликка кўра, оиланинг Ижтимоий реестрдан чиқарилиши унинг камбағалликдан чиққанини англатмайди. Рейестрнинг асосий мақсади эҳтиёжманд аҳолини аниқлаш, уларни ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш ҳамда зарур ёрдам ва хизматларни кўрсатишдан иборат.
Шу сабабли оилаларни реестрдан чиқариш белгиланган режа ёки кўрсаткични бажариш учун эмас, балки уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати амалда яхшилангани ва белгиланган мезонларга жавоб бергани асосида амалга оширилиши керак.
Маълум бир ҳудуддаги камбағаллик даражаси эса Жаҳон банки методологияси асосида белгиланган стандартлар бўйича ўтказиладиган сўровлар натижаларига кўра аниқланади. Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя инспекцияси томонидан реестрдан чиқарилган оилалар бўйича назорат ишлари олиб борилиб, қабул қилинган қарорларнинг белгиланган мезон ва тартибларга мувофиқлиги ўрганилмоқда.
Агентликнинг таъкидлашича, асосий мақсад фуқароларни реестрдан чиқариш эмас, балки оилаларни ҳақиқатан ҳам камбағалликдан чиқариш ва эҳтиёжманд фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлашдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими қайта кўриб чиқилмоқда. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги мажлисда йил якунига қадар Ижтимоий реестрга киритиш тизимини такомиллаштириш, бунда оилаларнинг даромади билан бирга сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаши каби омилларни ҳисобга оладиган кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтиш топширилганди.
Маълум қилинишича, мамлакатда камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушган бўлса-да, 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда бу кўрсаткич 6,5 фоизни ташкил этмоқда. Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш доирасида келаси йилдан реестрга киритилган оилалар фарзандларининг боғча, ўқув маркази, йўлкира ва олийгоҳ ётоқхонаси харажатларини ваучер орқали қоплаш ҳам кўзда тутилмоқда.








