АҚШ Венесуэланинг табиий бойликларини ўғирлаш мақсадида унга мустамлакачилик моделини мажбурлашга муваффақ бўлолмайди. Бу ҳақда Венесуэла президенти Николас Мадуро вице-президентлар билан учрашувда ма`лум қилган.
Учрашуви Мадуронинг Telegram канали орқали жонли намойиш этилган.
“Қўшма Штатлардаги нуфузли доиралар виртуал воқеликни яратиб, Венесуэланинг табиий бойликларини ўғирлаш учун унга мустамлакачилик ҳукмронлик моделини ўрнатиши мутлақо мумкин эмас. Бу шунчаки имконсиз, чунки бу ерда мамлакатимизни тўғри йўлдан олиб бориш учун етарли салоҳиятга эга эканлигини намоён қилган халқ бор”, деди Мадуро вице-президентлар билан учрашувда.
Унинг таъкидлашича, АҚШ Леополд Лопес, Хуан Гуаидо, Мария Корина Мачадо каби мухолифатчиларга умид боғлаб мағлубиятга учраган.
“Улар бу ватанни ҳеч қачон қўлга кирита олмайдилар, Венесуэла эса ўз халқи билан бирга ўз йўлини давом эттириб, келгуси йилларда катта ютуқларга эришади. Бизнинг хабаримиз - тинчлик, меҳр-муҳаббат ва ўзаро тушуниш хабаридир”, дея қўшимча қилган президент.
АҚШ Кариб минтақасидаги ҳарбий мавжудлигини гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш билан оқлаяпти. Сентябрь ва октябрь ойларида улар Венесуэла қирғоқлари яқинида гиёҳванд моддалар ташиётган деб тахмин қилинган қайиқларни йўқ қилиш учун бир неча бор ўз қуролли кучларидан фойдаланишди.
NBC телеканали сентябрь ойи охирида АҚШ қуролли кучлари Боливар республикаси ичидаги гиёҳванд моддалар савдогарларига зарба бериш вариантлари устида ишлаётгани ҳақида хабар берган эди. АҚШ президенти Дональд Трамп 3 ноябрь куни Николас Мадуронинг Венесуэла раҳбари сифатидаги кунлари саноқли эканлигини айтиб, айни пайтда АҚШ республика билан урушни режалаштирмаётганини таъкидлади.
Каракасда бу ҳаракатлар минтақани беқарорлаштириш мақсадидаги провокация ҳамда Кариб ҳавзасининг қуролсизлантирилган ва ядросиз мақоми тўғрисидаги халқаро келишувларни бузиш сифатида баҳоланди.








