Daryo

Мадуро сценарийси Россияда: имкониятлар ва назария

Қўшма Штатларнинг Мадурони ўғирлаш операцияси қарама-қарши лагерлар томонидан турлича баҳоланди. Бироқ амалиётни қўллаётганлар ҳам, қоралаётганлар ҳам унинг муваффақиятли чиққанини тасдиқлайди. Дональд Трампнинг иштаҳаси ошиб бораётгани фонида кузатувчилар АҚШнинг кейинги нишони ким бўлиши мумкинлиги ҳақида қизғин мунозаралар олиб боряпти. Мақолада Каракас операциясини Москвада ҳам такрорлаш имконияти назарий жиҳатдан кўриб чиқилади.

6 дақиқа ўқиш19 316 кўришлар0 изоҳ21

АҚШ нафақат Венесуэла суверенитетини, балки давлат раҳбарлари дахлсиз бўлиши ҳақидаги қоидани ҳам бузди. Аммо бошқа томондан мамлакат ўзи зарур деб билган нарсани на Конгресс, на БМТ билан ҳисоблашмай қилиши мумкинлигини кўрсатди. Мадуро кейсидан сўнг Қўшма Штатларнинг душманлари қўрқиб қолди. Яъни улар энди хавфсиз эмасликларини тушуниб етди. Маълум бўлдики, Трамп истаса энди Куба раҳбарини ўғирлаб кетиши ҳам, ёки Гренландияда халқ республикасини тузиб, кейинроқ сохта референдум билан унга 51-штат мақомини бериши ҳам мумкин экан.

Аммо буларнинг бари нисбатан кичик ва заиф ўйинчилар. Тасаввур қилиб кўрайлик, Трамп Венесуэла сценарийсини қудратли давлат, бўлиб ҳам ядровий клуб аъзоси билан такрорлай оладими? Хитой, Шимолий Корея каби ўйинчилар билан таранглашиб бораётган муносабатлар фонида у бундай кескин қадам ташлаши мумкинми? Ёки Зеленский шама қилганидек, АҚШ кейинги операция учун Москвани танлаши эҳтимоли борми?

Назарий жиҳатдан Мадуро сценарийсини Путин билан ҳам такрорлаш имконсиз эмас. Аммо воқеалар бундай ривожланган тақдирда, Қўшма Штатлар ҳарбийлари қатор муаммоларни бартараф этишга мажбур бўлишади. Қўшинлар логистикаси ва йирик кучни консентрациялаш шулар жумласидан. Гап шундаки, Қўшма Штатларнинг Мадурони ўғирлаш операцияси тахминан икки ярим соат давом этди. Аммо бу айсбергнинг бор-йўғи учи бўлиб, бунгача бўлган бир неча ойлик тайёргарлик жараёнлари кўпинча эътибордан четда қолдирилади.

АҚШ Денгиз пиёдаларининг ҳаво бортлари Пуэрто Рикода
Фото: Reuters

Америкаликлар ишни разведка маълумотлари тўплашдан бошлади. Мадуро, унинг қўриқлаш хизмати ва Венесуэла армияси ҳаракатлари сунъий йўлдошдан кузатилди. Қолаверса, телефон мулоқотлари тингланди. АҚШ фақат шу билан чекланмай, мамлакатга Марказий разведка бошқармаси (МРБ)нинг махсус отрядини ҳам ташлади. Улар ҳарбий объектлар, президент қароргоҳлари, ҳатто Мадуронинг уй ҳайвонлари ҳақида қимматли маълумотлар тўплашди.

МРБ билан параллел равишда яна бир ташкилот – Пентагон ҳам йирик масштабдаги тайёргарлик жараёнларини бошлади. Кариб ҳавзасининг Совуқ урушдан сўнг ташландиқ аҳволга келиб қолган базаларга яна ҳаёт қайтди. Учиш-қўниш йўлаклари тозаланиб, ҳарбий ҳаво кучлари хизматига қайтарилди. Қаровсиз портларга эса ҳарбий кемалар лангар ташлади. Буларнинг бари бутун дунё кўз ўнгида юз берди. Россияга қарши эҳтимолий операция шароитида АҚШ мана шу жараёнларни яна такрорлашига тўғри келади. Табиийки, Қўшма Штатлар флотининг ғайриоддий фаоллиги рус разведкаси эътиборидан четда қолмайди.

Қўшма Штатларнинг Теадор Рузвельт авиаташувчиси
Фото: АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари

Разведка маълумотлари ва географик омиллар

Марказий разведка бошқармаси Россия ичида аллақачон жосусларнинг йирик тармоғини қурган. 2021 йили Оқ уй Украинага босқин ҳақида аввалдан хабар бергани, бу сирдан ҳатто Россия ташқи ишлар вазири Лавров бехабар бўлганидан билиш мумкинки, Америка жосуслари Путиннинг ҳатто ички доирасига ҳам кириб борган. Табиийки, бундай тармоқ Кремль раҳбарининг ҳаракатларини кузатиш, махсус амалиёт учун пухта режа тузиш имконини беради.

Аммо Венесуэла мисолидан фарқли равишда, бу икки мамлакатни бутун бошли океан ажратиб туради. Қолаверса, Россия атрофида АҚШ флоти база сифатида фойдалана оладиган ороллар мавжуд эмас. Болтиқ ҳамда Скандинавия давлатларидан умид қилмаса ҳам бўлади. Чунки улар ўз портларини АҚШ ҳарбий кемаларига очиб бериш билан Москва наздида қонуний нишонга айланишини яхши тушунишади. Айни шу сабабга кўра Польша, Германия каби мамлакатлар ҳам ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермайди.

Қолаверса, Россияга жануб, ғарб ва шимолдан яқинлашиш мумкин бўлган барча уч йўналишни Қора денгиз флоти, Болтиқ флоти ҳамда Шимолий флот муҳофаза қилади. Устига устак, Россия пойтахти денгизлардан узоқда жойлашган. “Делта” махсус кучлари Венесуэла пойтахтига етиб бориш учун бир неча ўн километрни босиб ўтган бўлса, Москвагача бўлган масофа минг километрдан ортади. Табиийки, ўнлаб вертолётларнинг бундай узоқ давом этувчи парвози пайқалмай қолиши эҳтимолдан узоқ. Бу эса амалиёт бошланмай туриб якунланиши мумкинлигини англатади.

Россия Шимолий флотининг айрим кемалари
Фото: AFP

Шунга қарамай, Дональд Трамп операцияни ўтказишга қатъий қарор қилди, дейлик. Америкаликлар олдида русларнинг эрта огоҳлантириш тизимлари ва ҳаво мудофаа салоҳиятини издан чиқаришдек жиддий муаммо бор. Гап шундаки, Венесуэла Москвадан замонавий ҳаво мудофаа тизимларининг тахминан 10 та дивизионини сотиб олган эди. Россиянинг ўзида эса улар ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан анча устун. Масалан, мамлакатнинг Европа қисмини С-400, С-300, “Бук” ва “Пансир” каби тизимларнинг 170-190 та дивизиони муҳофаза қилади. Қолаверса, улар кичик бир ҳудудда тўпланиб қолмаган. Яъни АҚШ бир неча миллион квадрат километр ҳудудга тарқалган зенит-ракета комплексларини йўқ қилишига тўғри келади. Бу ҳам қиммат, ҳам жуда мураккаб амалиёт бўлади.

Бироқ америкаликлар кучларни муайян йўналишга жамлаш билан ҳаво коридори очиши мумкин. Бироқ бу уларнинг ниятини аввалдан маълум қилиб қўяди. Бунга жавобан руслар ҳам ўз қирувчи самолётларини ҳавога кўтариши муқаррар. Қарабсизки, “Делта” кучлари Кремлга тушишидан олдин осмондаёқ тўқнашувлар бошланиб кетади. Қўшма Штатларнинг бешинчи авлод қирувчи самолётлари жанговар радиус бўйича россиялик рақибларидан ортда қолишини ҳисобга олса, бу жангда рус учувчиларининг қўли баланд келиши мумкин.

Россия Аэрокосмик кучларининг Су-35 қирувчилари
Фото: Рус нашрлари

Путин қандай қўриқланади?

Россияда юқори мартабали давлат мулозимлари ҳамда стратегик объектларни қўриқлаш учун Федерал қўриқлаш хизмати, яъни FSО масъул ҳисобланади. Давлат раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш эса тузилманинг энг махфий бўлинмаси – Президент хавфсизлик хизматига юклатилган. Улар бошқа тузилмалар устидан эксклюзив ҳуқуқларга эга. Қолаверса, хизмат ходимлари энг замонавий технологиялардан фойдаланади. Бундан ташқари, Россия президенти учун бутун мамлакат бўйлаб бункерлар ва ерости иншоотлари қурилган. Хавф туғилган тақдирда, Путин улардан бирига яшириниши мумкин. Ана шунда енгил қуролланган АҚШ махсус кучлари унга қарши ҳеч қандай чора кўра олмайди.

Бироқ Кремль раҳбари бутунлай дахлсиз дейиш ҳам хато бўлади. Россия сиёсий ва хавфсизлик элитаси, умуман олганда, рус жамияти Путин атрофида якдил жипслашган деб бўлмайди. Зиддиятлар мавжудлигини 2023-йили ўз жангарилари билан Москвага юриш қилган Пригожин айниқса яққол кўрсатиб қўйган эди. Ўшанда на ҳарбийлар, на полиция пойтахт томон бораётган “вагнерчилар”ни тўхтатишга ҳаракат қилди. Оддий россияликларнинг ўзи эса жонини таҳликага қўйиб, давлатчилик институтларини ҳимоя қилишга шошилмади. Аксинча, баъзи ҳудудларда исёнчилар ҳатто жуда илиқ қарши олинди.

Шунинг ўзи ҳам қўрқув устига қурилган режим мўрт бўлишини, сиёсатдан узоқлаштирилган халқ эса бу тузумни қурган сиёсатчилар ҳимоясига отланмаслигини кўрсатиб қўйди. Шундай бўлса-да, Россия президентининг ўғирланишига нисбатан мамлакат жамоатчилиги қандай муносабат кўрсатиши мумкинлиги ҳақида олдиндан бирор нарса деб бўлмайди. Уни Мадуро каби ортдан шунчаки кузатиб қолишадими ёки 2016 йили Эрдоғон билан бўлганидек танклар қаршисига чиқиб, ҳимоя қилишадими, номаълум.

Маҳаллий аҳоли Вагнер исёнчиларига тегишли танк билан суратга тушмоқда
Фото: AP

Маълуми шуки, АҚШ ядровий давлат билан бундай қалтис ўйин ўйнамайди. Трамп Путинни кутилмаган тарзда “меҳмон”га чақиришни чин дилдан истаган тақдирда ҳам, бундай кенг миқёсли операцияни, бўлиб ҳам кутилмаганда амалга ошириш имконсизлигини билади. Қўшма Штатлар вертолётлари Кремлга етиб борди ҳам дейлик, аммо улар “Делта” кучлари миссияни якунлаши учун керак бўлган ўт очиш кучини таъминлаб бера олмайди. Бу вақтда Россия президентининг хавфсизлик хизмати ва Росгвардиянинг яқин-атрофдаги базалари оёққа туради.

Шунда Кремль раҳбаридан бир нарса – улар вазиятни назоратга олгунга қадар бошпанада жон сақлаш талаб этилади. Америкаликлар учун операция, энг оптимистик сценарийга кўра, йирик талафотлар билан якунланади. Аммо воқеа оқибатлари глобал даражадаги резонанс ва дипломатик инқироз билангина чекланмайди. Балки тўлақонли урушга ҳам сабаб бўлади. Чунки Россия барибир Венесуэла эмас. Унда ўзини ҳимоя қилиш учун имкониятлар анча кенг.

Владимир Путин ҳарбий;ар орасида
Фото: Reuters

Аслини олганда, Оқ уй бундай катта таваккалчиликка қўл уриши эҳтимолдан йироқ. Путинни ўғирлашга уриниш Вашингтон ҳамда Москва муносабатларида энг пессимистик сценарий бўлиб, фожиали оқибатларга олиб келиши муқаррар. Бошқа томондан қаралса, АҚШ ҳарбийлари Marvel фильмларидаги суперқаҳрамонлар эмас. Улар “Мадуро операцияси”ни мураккаб технологиялар, юқори тайёргарлик ҳамда жанговар маҳорат эвазига муваффақиятли ўтказди. Россия билан эса бари бошқача якунланиши мумкин.

Ҳумоюн Тожиддинов тайёрлади.

Andijonlikman, Toshkentda yashayman. Oʻzbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetini tamomlaganman. “Daryo” tahririyatida 2024-yil noyabr oyidan buyon muxbir sifatida ishlayman va siyosiy, ijtimoiy hamda harbiy yoʻnalishlarga ixtisoslashgan materiallar tayyorlayman. “If qaʼlasining mahbusi” filmini miriqib tomosha qilaman. Lev Tolstoyning asarlarini, ayniqsa, “Urush va tinchlik”ni yoqtiraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар