Daryo

Венесуэла ҳукумати 600 дан ортиқ маҳбус озод этилганини маълум қилди

Мамлакат муваққат ҳукумати Мадуро қўлга олинганидан бери бошланган жараёнда қанча маҳбус қўйиб юборилганини очиқлади. Президент Родригес инсон ҳуқуқлари гуруҳлари келтираётган рақамларни ёлғон деб баҳолади.

2 дақиқа ўқиш6 510 кўришлар0 изоҳ2

Венесуэла муваққат президенти Делси Родригес 23 январь куни мамлакат қамоқхоналаридан 600 нафардан ортиқ маҳбус озод қилинганини билдирди. Бу кўрсаткич ҳуқуқ ҳимоячилари тақдим этган рақамлардан анча юқори бўлиб, фаоллар барча сиёсий маҳбусларни зудлик билан қўйиб юборишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда France 24 хабар берди.

АҚШ кучлари 3 январь куни Венесуэла пойтахти Каракасда амалга оширилган операция натижасида социалистик етакчи Николас Мадуро ҳокимиятдан четлатилган эди. Шундан сўнг, янги ҳукумат қамоқхоналарда сақланаётган юзлаб мухолифат вакилларини озод қилиш мажбуриятини олди.

Вашингтон томонидан олқишланган ушбу қарор маҳбусларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб озод этилиши борасида катта умидлар уйғотган эди. Бироқ амалда жараён жуда секин ва бўлиб-бўлиб амалга оширилмоқда.

Президент Родригес декабрь ойидан буён 626 нафар маҳбус қўйиб юборилганини таъкидлаб, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари келтираётган рақамларни ёлғон деб атади. У, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссаридан ушбу кўрсаткични тасдиқлашни сўрашини билдирди.

Ўз навбатида, Венесуэладаги етакчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти Форо Пенал ҳозирча фақат 155 нафар сиёсий маҳбус озод этилганини (асосан Мадуро ағдарилгандан кейин) қайд этган. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, ҳали ҳам 700 дан ортиқ киши панжара ортида қолмоқда.

Каракас марказидаги, нодавлат ташкилотлар томонидан қийноқлар маркази деб таърифланадиган машҳур Эликоиде разведка хизмати штаб-квартираси олдида маҳбусларнинг оила аъзолари тўпланмоқда. Озод қилиш жараёнининг ниҳоятда секинлиги одамларнинг ғазабини қўзғатмоқда.

Мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо партияси фаоли, бундан икки йил аввал ҳибсга олинган Гилермо Лопеснинг рафиқаси Адриана Абреу кўз ёшлари билан шундай дейди:

“Афсуски, Гилермо ўғлимизнинг улғайишини кўрмаяпти, у ҳозир тўрт ёшда”.

Собиқ президент Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес Каракасдаги ҳарбий базадан қўлга олинган ҳамда АҚШга олиб кетилган. Улар у ерда наркотик моддалар савдоси бўйича март ойида суд қилиниши кутилмоқда.

Ҳозирда мамлакатни Мадуронинг собиқ ўринбосари Делси Родригес бошқармоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп Родригесни қўллаб-қувватлашини, бироқ бунинг эвазига Вашингтон Венесуэланинг бой нефть конларига кириш ҳуқуқини олиши кераклигини шарт қилиб қўйган. Трамп жорий ҳафтада Родригеснинг етакчилигини жуда кучли деб мақтади ва АҚШ Венесуэла қора олтинидан ўз улушини олиб, янада бойиб кетишини таъкидлади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар