“Бавария” ярим ҳимоячиси Александар Павлович фаолиятини Англия Премьер Лигасида давом эттириши мумкин. ТЕАМtalk нашри хабарига кўра, “Манчестер Сити” немис футболчисига жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Манбага кўра, “шаҳарликлар” Павлович номзодини испаниялик ярим ҳимоячи Родри ўрнига узоқ муддатли альтернатив сифатида кўриб чиқмоқда. Шу сабабдан ҳозирда Манчестер клуби 21 ёшли Александр учун трансфер таклифини тайёрламоқда.
Родри сўнгги бир йил давомида жароҳатлар сабаб кўплаб ўйинларни ўтказиб юборди: испаниялик ярим ҳимоячи ўтган йил сентябрь ойида тиззасидаги хоч боғламнинг узилиши ортидан жиддий жароҳат олган ва ҳозиргача тўлиқ тикланиб, оптимал спорт формасига қайта олмаяпти. Родрининг йўқлигида “Манчестер Сити” ярим ҳимоясида Нико Гонсалес ўйнамоқда, лекин клуб бошқа футболчи харид қилиб, ушбу чизиқни янада кучайтирмоқчи. Клуб скаутлари ва таҳлил бўлими айни пайтда Павловичнинг ўйинини диққат билан кузатмоқда. Унинг ўйини, аниқ узатма бера олиши ва майдондаги ҳаракатлари “шаҳарликлар” талабларига тўлиқ мос келади.
Шунингдек, “Челси” ҳам “Бавария” юлдузига қизиқиш билдирмоқда. Лондонликлар ярим ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадини Александрни ўз сафига қўшиб олишни истамоқда.
Маълумот учун, Александар Павлович “Бавария” тарбияланувчиси бўлиб, амалдаги шартномаси 2029 йил 30 июнгача мўлжалланган. Жорий мавсумда ярим ҳимоячи барча мусобақалар доирасида 26 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 1 гол ва 1 голли узатма ёздириб қўйган.








