Мадриднинг “Реал” клуби “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Родри билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатмоқда. “Қироллик клуби” 29 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий қадамлар ташлашга тайёр. Бу ҳақда ТЕАМtalk нашри хабар берди.
Манбага кўра, “Реал” раҳбарияти сўнгги мавсумларда жамоа таркибида аниқ етакчиларнинг етишмаётганидан хавотирда. Клубда Родрини айнан шу ролга муносиб, жамоани бошқара оладиган ва ҳимояда барқарорликни таъминлайдиган футболчи сифатида кўришмоқда.
Қайд этилишича, ярим ҳимоячи ва “Манчестер Сити” яқин ойлар ичида футболчи шартномасини узайтириш масаласини муҳокама қилишни режалаштирган. Бироқ испаниялик футболчи Мадридга қайтиш вариантини ҳам истисно қилмаяпти. Таъкидланишича, пойтахт шаҳри Родри учун туғилиб-ўсган маскан ҳисобланади. “Реал” эса ушбу вазиятдан унумли фойдаланиб, футболчини ўз сафига қўшиб олмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Манчестер Сити” футболчини “Реал”га сотишга қарши эмаслиги, аммо уни ярим ҳимоячи Федерико Вальверде ёки бразилиялик вингер Родриго билан алмаштириш масаласини кўриб чиқаётгани айтилганди.
Маълумот учун, жорий мавсумда Родри барча мусобақалар доирасида жами 18 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйган. Унинг “Манчестер Сити” билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 75 миллион еврони ташкил этади.








