Мадриднинг “Реал” клуби “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Родри трансферидан воз кечди. “Қаймоқранглилар” 29 ёшли испаниялик футболчини сотиб олмоқчи эмас. Бу ҳақда El Nacional нашри хабар берди.
Мадрид клубининг бу қарорига бир нечта омиллар сабаб бўлган. Асосий сабаб сифатида футболчининг юқори қиймати, ёши ҳамда тез-тез соғлиқ билан боғлиқ муаммолари тилга олинмоқда. Маълум бўлишича, испаниялик ярим ҳимоячи ўтган йил сентябрь ойида тиззасидаги хоч боғламнинг узилиши ортидан жиддий жароҳат олган ва ҳозиргача тўлиқ тикланиб, оптимал спорт формасига қайта олмаяпти. Ушбу жароҳат ҳамон унинг барқарор ўйин кўрсатишига ўз таъсирини кўрсатмоқда.
“Реал” раҳбарияти Родри трансферидан воз кечгач, бор эътиборини бошқа номзодларга қаратди. Мадрид клуби Англия Премьер Лигаси вакили “Кристал Пэлас” футболчиси Адам Уортон ва Нидерландиянинг “АЗ Алкмар” клубида ўйнаётган Кес Смитни трансфер қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. “Қироллик клуби” ушбу футболчиларни сотиб олиб, узоқ муддатли лойиҳасининг бир қисмига айлантирмоқчи.
Маълумот учун, жорий мавсумда Родри “Манчестер Сити” сафида саккизта ўйинда майдонга тушди. Унинг клуб билан шартномаси 2027-йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 90 миллион еврога баҳоламоқда.








