АҚШнинг Род Айленд штатидаги Браун университетида содир бўлган отишмада ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
“13 декабрь куни Браун университети талабаси Муҳаммад Азиз Умурзоқовнинг фожиали вафот этгани ҳақидагихабарлар мени чуқур қайғуга солди. Биз Азиз Умурзоқовнинг оила аъзолари, дўстлари ва курсдошларига самимий ҳамдардлик билдирамиз ҳамда унинг порлоқ орзулари амалга ошмай қолганидан чексиз қайғудамиз. Марҳумни Худо раҳмат қилсин” — Жонатан Ҳеник.
Отишма 13 декабрь куни Муҳандислик ва физика факультети жойлашган етти қаватли Барус + Holley биносида содир бўлганди. Қора кийимдаги номаълум шахс Провиденс шаҳридаги университетга имтиҳонлар пайтида ҳужум қилган. У икки кишини отиб ўлдирган, саккиз кишини яралаган.
Университет сайтида маълум қилинишича, бинода 100 дан ортиқ лабораториялар, ўнлаб ўқув хоналари ва кабинетлар мавжуд. Браун Американинг энг нуфузли университетларидан бири бўлиб, унда 7300 га яқин бакалавр ва 3000 дан ортиқ аспирант таҳсил олади.
ТИВ вакилининг билдиришича, Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхоналари вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бормоқда.








