Тошкент шаҳридаги қурилишларнинг ҳаво ифлосланишига таъсири 6 фоизни ташкил қилади. Бу ҳақда 2025 йил 10 декабрдаги парламент йиғилишида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.
Шерзод Ҳидоятовнинг айтишича, Жаҳон банки мутахассислари пойтахтда бўлиб, ҳаводаги чанг зарралари бўйича ўрганиш ўтказган.
“Экспертлар қурилиш амалга оширилаётган объектларнинг экологияга бўлаётган салбий таъсири 6 фоизни ташкил этишини аниқлади. Биз буни нол даражага тушириш учун қилинадиган ишлар режасини тузганмиз. Мазкур йўналишдаги ишлар бошлаб юборилган”, деди вазир.
Шерзод Ҳидоятовга кўра, охирги пайтларда қурилиш жараёнларида экологик талаблар қатъийлаштирилган. Йирик қурилиш объектларида чанг чиқишини камайтириш учун махсус сув пуркагичлар ва чангни ушловчи қурилмалар мажбурий ўрнатилиши назорат қилинмоқда. Қирилиш лойиҳаларида эсаётган шамол йўналишини ҳам тўғри ҳисобга олишга алоҳида этибор қаратиляпти.
Жорий йил ноябрда пойтахтда ҳаво ифлосланиши кескин ортди. Муаммони ҳал қилиш юзасидан чоралар ишлаб чиқилди. Хусусан, президент фармони билан Тошкентда экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия тузилди.








