Соғлиқни сақлаш вазирлиги дорилар электрон рецепт асосида берилиши бўйича мурожаатлар юзасидан 12 декабрь куни йиғилиш ўтказди.
Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, бу борада доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимларининг мурожаатлари, шунингдек, тизим ишга туширилган дастлабки кунларда унинг фаолияти, жумладан, поликлиникаларга бўладиган юкламалар, дори воситаларини бериш тартиби ва рақамли хизматлар ишининг барқарорлиги таҳлил қилинди.
Келиб тушаётган барча таклиф ва эътирозлар тезкор равишда ва атрофлича кўриб чиқилди.
Яқин вақтларда мазкур йиғилиш якунлари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Электрон рецепт” тизими бўйича жамоатчилик вакилларидан келиб тушаётган муҳим саволларга дастлабки жавоблари эълон қилинади, дейилади вазирлик хабарида.
2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга ошириладиган 15 та туман ва шаҳарлардаги барча тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини беморларга тайинлашда дори воситаларининг халқаро патентланмаган номи бўйича электрон рецепт расмийлаштириладиган бўлди. Беморларга тайинланган дори воситалари тўғрисидаги маълумот (халқаро патентланмаган ёки оригинал дори номи, кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги) электрон рецептга бевосита шифокор томонидан киритилади ҳамда электрон тасдиқлаш усуллари орқали тасдиқланади.








