Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Парагвай президенти Сантяго Пеня Қўшма баёнотни имзолади.
Шунингдек, етакчилар ҳузурида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши доирасида бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисидаги баённома ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашув механизмини йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Бундан аввал Кўксарой қароргоҳида президент Шавкат Мирзиёев ва Парагвай президенти Сантяго Пеня расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.








