Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобус ағдарилишидан икки нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ 7 декабрь куни соат 08:57 да, Ақтўбе вилояти, Айтекеби туманидан ўтган Республика аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 1028-километрида содир бўлган. Перм—Тошкент йўналишида ҳаракатланган Yutong русумли йўловчи автобуси ён томонга ариққа ағдарилиб кетган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобусда бўлган 49 нафар йўловчидан 5 нафари вафот этган, улардан 2 нафари Ўзбекистон фуқаросi бўлган.
“Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишчи гуруҳ тузган ҳолда, ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни ватанга олиб келиш ва уларнинг оила аъзоларига дафн маросимларини ўтказишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, ҳозирда ФВВнинг масъул ходимлари қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.
30 ноябрда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 54 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ЙТҲга учраганди. Россия Федерацияси – Ақтўбе – Қизилўрда – Олмаота республика аҳамиятига эга автомобиль йўлида Москва – Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган VanHool русумли йўловчи автобуси йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.








