Ижтимоий тармоқларда Ғиждувон тумани ҳокими Фарҳод Умаровниг электр энергиясида бўлаётган узилишлар учун узр сўрагани акс этган видео тарқалди.
Фарҳод Умаров Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган болаларни кундузги парваришлаш маркази очилишига бағишланган тадбирдаги чиқишида охирги кунларда электр энергиясида айрим бир муаммолар борлигини айтиб ўтган.
У айнан қандай муаммолар борлиги ва уни бартараф этиш учун нима ишлар қилинаётганига тўхталмаган.Шаҳарда, менимча, камроқ бўляпти, лекин қишлоқ жойларимизда кўп. Шунга мен узримни айтмоқчиман, шунақа шароит бўляпти. Лекин жойига тушиб кетади. Ҳозир раҳбарларимиз, ўзимиз ишлаяпмиз, уч-тўрт кунда жой-жойига тушиб кетади, деган туман ҳокими.
Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон тўлиқ электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ва қишда чекловлар кутилмаётганини (фавқулодда вазиятлардан ташқари) маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, асосий муаммолар 35 фоизи 40 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаётган электр тармоғининг эскириши билан боғлиқ.
Маълумот учун, Фарҳод Умаров жорий йилнинг 25 ноябрь куни Ғиждувон тумани ҳокими этиб тайинланганди.








