Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси ўйинларида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийларини табриклади. Саралаш босқичларида 100 мингдан ортиқ ёшлар қатнашиб, финалга 3 мингга яқин энг кучли спортчилар йўл олган.
Қайд этилишича, ўйинларда эришилган юқори натижалар Ўзбекистон спорти учун шаклланган тизим самарадорлигини тасдиқлайди. Президент айрим спортчилар — Шаҳноза Ҳайдарова, Моҳинур Эсонбоева, Садафбону Нусратуллоева, Қамариддин Худойберганов, Комила Султанова, Умарали Абдужабборов ва Мираслава Омелченколарни алоҳида мисол сифатида тилга олди.
Шунингдек, тўрт йил аввал йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси” орқали кашф этилган 23 нафар иқтидорли ёш бу йилги Олимпиадада ғолиб ва совриндорлар қаторига киргани айтилди.
“Қарийб ўн кун давом этган қизғин ва муросасиз беллашувларда эришилган ғалабалар, рекорд натижалар бу фикрни яққол исботлаб турибди.
Айниқса, оғир атлетикачи қизларимиз Шаҳноза Ҳайдарова, Моҳинур Эсонбоева, енгил атлетикачимиз Садафбону Нусратуллоева Ўзбекистон рекордини янгилагани, юнон-рум кураши бўйича 17 ёшли Қамариддин Худойберганов амалдаги Осиё ва жаҳон чемпионларини, Комила Султанова, Умарали Абдужабборов, Мираслава Омелченко каби таэквондочиларимиз эса мамлакат чемпионларидан устун келиб, энг юксак шоҳсупаларга кўтарилгани таҳсинга сазовордир.
Яна бир муҳим жиҳати – бундан тўрт йил олдин йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси” тизимида кашф этилган иқтидорли ёшларимиздан 23 нафари ушбу Олимпиаданинг ғолиб ва совриндорларига айланди.
Буларнинг барчаси Президент Олимпиадасининг ёшларимиз учун ғоят масъулиятли беллашувга айлангани ва ўзининг шонли анъаналарини шакллантира бошлаганини кўрсатади.
Аминман, спорт соҳасидаги илк қадамларини қадрдон маҳалласидан бошлаган, бугун ўз ҳудудининг шарафини дадил ҳимоя қилган бу фарзандларимиз келгусида жаҳон ареналарида ватанимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этади”, дейди давлат раҳбари.
Президентнинг таъкидлашича, мусобақаларда иштирок этишнинг ўзи ёш спортчилар учун катта тажриба бўлиб хизмат қилади. Келгуси йилдан Олимпиада тизимига сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий спорт турлари ҳам қўшилиши маълум қилинди. Шунингдек, босқичларга халқаро мезонлар татбиқ этилиши, тренерлар замонавий методология асосида ўқитилиши, ҳакамлар малакаси оширилиши ва спорт мактаблари шароитлари яхшиланиб бориши айтилди.
Давлат раҳбари мусобақаларни юқори даражада ташкил этган ҳудудлар, вазирлик ва идоралар, спорт муассасалари, волонтёрлар ҳамда спорт мухлисларига миннатдорлик билдирди. Президент сўзининг якунида спортчиларга мурожаат қилди:
“Тинимсиз изланишдан, олға боришдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!”.
Бугун, 3 декабрь куни Президент Олимпиадасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Шерзод Асадов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва барча иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди.








