Венгриядаги қабристонлардан бирида қабр қазиш бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Бу ғайриоддий туюлиши мумкин, лекин 5 сентябрь куни 38 нафар иштирокчи қўлига кетмон ва белкурак олиб беллашди. Бу ҳақда AP News хабар берди.
Бу мусобақани Венгрия қабристонларни сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ассоциацияси ташкил қилди. Мақсад гўрковлик касбини ва унинг маҳоратини кўрсатиш ҳамда ўлим билан боғлиқ қарашларни ўзгартиришдир.
Венгриянинг шимолидаги Нергешужфалу шаҳри қабристонидаги қуруқ ва иссиқ тупроқ 19 та жамоа учун жиддий синов бўлди. Икки кишидан иборат жамоалар энг тез ва чиройли қабр қазиш учун астойдил тер тўкди.
“Бу ерда гўзаллик эмас, тезлик асосий ўринда”, деди ғолиб бўлган жуфтлик вакили Роберт Над ўз жамоадоши Ласло Киш билан бирга.
“Дафн маросими учун қабр қазиётганингизда унинг аниқ ўлчамларига жуда эътиборли бўлишингиз ва чиройли чиқишини таъминлашингиз керак”, дея қўшимча қилди у.
Мусобақа қоидаларига кўра, қабр чуқурлиги 1,6 метр, узунлиги 2 метр ва кенглиги 0,8 метр бўлиши керак эди. Ғолиб жамоа қабрни 1 соат-у 21 дақиқада қазиб муваффақият қозонди. Ғолиблар 200 минг венгрия форинти (тахминан 640 доллар) миқдоридаги пул мукофотини бўлишиб олди.
Хавфсизлик нуқтайи назаридан, ҳар бир жамоадан фақат бир киши бир вақтнинг ўзида қабр ичида ишлаши мумкин эди. Жамоанинг иккинчи аъзоси қазиб олинган тупроқни тозалаши ва тартибга солиши мумкин. Лекин унга қабр ичига киришга рухсат берилмайди.








