Ўзбекистонда ҳафтанинг иккинчи ярмида нам ва нисбатан совуқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда.
Прогнозларга кўра, 1—3 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва декабрга келиб кундузи ҳаво 12-13 даража илиққача исийди.
4—5 декабрь кунлари республика ҳудудига нам ва нисбатан совуқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Шимолий ҳудудлардан ташқари, республика ҳудуди бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши, тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати 6-11 даража илиққача пасаяди. 1—5 декабрда ҳарорат кечалари 3 даража совуқ-2 даража илиқ атрофида бўлади.
Шамол шарқдан ўртача тезликкча эсади. Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.
Тошкентда 1—3 декабрда ёғингарчилик кутилмайди. 4—5 декабрда вақти-вақти билан бир оз бўлган ёмғир ёғади. Ҳарорат кечалари 0-5 даража илиқ бўлади, кундуз кунлари 1—3 декабрда 13-15 даража илиққача кўтарилади, 4—5 декабрда 8-11 даража бўлади.
“Ўзгидромет” мамлакат бўйлаб совуқ антициклон таъсири 5 декабрга қадар сақланиб туришини маълум қилганди.
Қиш мавсуми учун ҳам об-ҳаво прогнозини эълон қилганди. Унга кўра, декабрь ойи нормага нисбатан бир оз иссиқроқ бўлиши кутилмоқда. Ёғингарчилик миқдори норма атрофида ёки ундан кам бўлади. Январь ойи умумий ҳолатда нормага яқин, айрим ҳудудларда бир оз совуқроқ бўлади. Учинчи ўн кунликда аномал совуқ кутилмоқда. Февраль ойи биринчи ўн кунлигида аномал совуқ давом этади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳаво сезиларли илийди.








