Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати 2-3 даражага пасаяди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар берди.
Прогнозларга кўра, 28 ноябрь, жума куни Ўзбекистоннинг катта ҳудудида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундузи ҳарорат 15-18 даража илиққача исийди. Фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ҳарорат 5-10 даража илиққача пасаяди.
Дам олиш кунлари кечаси 2 даража совуқ-3 даража илиқ, кундузи 10-15 даража илиқ бўлади. Шимолда кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.
Республиканинг баъзи жойларига туман тушиши мумкин, ёғингарчилик кутилмайди.
Тошкентда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 28 ноябрда кундузи 15-17 даража илиқ, шанба ва якшанбада кечаси 0-3 даража илиқ, кундузи 11-14 даража илиқ бўлади.
Прогнозларга кўра, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб совуқ антициклон таъсири 5 декабрга қадар сақланиб туради. Антициклон давом этиши фонида инверсия ҳодисалари кутилганидан узоқроқ давом этади. Бу чанг, тутун ва майда заррачалар консентрациясининг ошишига, шунингдек, қуюқ туман ҳодисалари содир бўлишига олиб келиши мумкин.








