Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида маҳкум вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси маълумот берди.
Қайд этилишича, мазкур хабарлар асоссиз бўлиб, жорий йилнинг 23 ноябрь куни жазо муддатини ўтаётган маҳкум Ш.С.нинг соғлиғида ўзгариш бўлгани сабабли унга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, видеомурожаат юзасидан Навоий махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Бундан аввал ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясида жазони ўтаётган 21 яшар маҳкум вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган 7-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум вафот этган эди.








