Исроил ҳарбийлари 2023 йил октябрь ойида ҲАМАС бошчилигидаги ҳужумнинг олдини ололмагани учун бир неча юқори мартабали офицерларни ишдан бўшатди. Бир қатор ҳарбийларга эса танбеҳ берилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Расман ишдан бўшатилган генераллар рўйхатига ҳарбий разведка, операциялар ва Ғазо учун масъул бўлган жанубий қўмондонлик раҳбарлари киритилган. Бу қарор Исроил ҳукумати ҳали ушбу ҳужум бўйича расмий тергов бошламаганига қарамай қабул қилинди. Айнан ўша ҳужум Ғазога қарши уруш бошлашга туртки бўлганди. Ҳарбийлар 23 ноябрь куни баёнот бериб, бир нечта офицерлар захира хизматидан чиқарилиши ва энди армияда хизмат қилмаслигини маълум қилган.
“Исроил армияси 7 октябрь куни ўзининг асосий вазифасини — Исроил давлатининг тинч аҳолисини ҳимоя қилишни уддалай олмади. Бу жиддий, шов-шувли, тизимли муваффақияцизлик. Ўша кундан олинадиган сабоқлар кўп ва муҳим бўлиб, улар келажак учун компасимиз бўлиши керак”, деди ҳарбий штаб бошлиғи Эял Замир.
Захира хизматидан бўшатиладиганлар орасида разведка бошқармаси, оператив бошқарув ва жанубий қўмондонликнинг собиқ раҳбарлари ҳам бор. Улар фаол хизматдан аллақачон кетган, аммо захирада қолишда давом этаётган эди.
Ҳозирги разведка бошқармаси раҳбари эса 2023 йил 7 октябрь куни оператив бўлим бошлиғи бўлган. У расман танбеҳ олди, бироқ 2028-йилгача ўз лавозимида қолади. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, кейинчалик у ўз ихтиёри билан истеъфога чиқади. Бошқа ходимларга ҳайфсан эълон қилинди. Биттасига унинг хизмати тугатилиши ҳақида хабар беришди. Бошқаси эса истеъфога чиқишга рози бўлди.
Хабарларга кўра, Исроил ҳаво кучлари бошлиғи ҲАМАСнинг дронлари ва парашют ёрдамида амалга оширилган ҳужумларини тўхтата олмагани учун ҳайфсан олган. Исроилнинг амалдаги ҳарбий-денгиз флоти бошлиғи ҳам шу каби асослар билан танқид қилинган.








