Daryo

Ғазода икки йиллик урушдан сўнг мактаблар қайта очилмоқда (видео)

Хоналарда парта ва стуллар етишмаслиги сабабли болалар ерда ўтириб, таълим олмоқда. 25 мингдан ортиқ ўқувчи аллақачон БМТнинг “вақтинчалик таълим марказлари”да ўқишни бошлаган. 300 мингга яқин бола онлайн таълим олмоқда.

1 дақиқа ўқиш2 083 кўришлар0 изоҳ4

БМТнинг Фаластин қочқинлари агентлиги (UNRWA) Ғазода тинчлик келишуви кучга киргач, айрим мактаблар қайта очилаётгани ва ўқувчилар аста-секин дарсларга қайтаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

UNRWA раҳбари Филипп Лаззарини маълум қилишича, 25 мингдан ортиқ ўқувчи аллақачон агентликнинг “вақтинчалик таълим марказлари”да ўқишни бошлаган. Бундан ташқари, 300 мингга яқин бола онлайн таълим олмоқда.

Ғазо секторининг Нусейрат шаҳридаги Ал-Ҳассаина мактабида гарчи синф хоналари етишмаса-да, 1 ноябрдан дарслар қайта бошланган. 11 ёшли ўқувчи Варда Радван ўқув жараёнига қайтишни интиқлик билан кутганини айтди:

“Ҳозир олтинчи синфда ўқияпман, лекин кўчиш ва уруш туфайли икки йиллик таълимни бой бердим”, деди у.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги икки йиллик уруш даврида Ал-Ҳассаина мактаби, ҳудуддаги бошқа кўплаб UNRWA бинолари сингари, ўнлаб кўчиб келган оилалар учун бошпанага айланганди. Ҳозир ҳам айрим оилалар шу ерда яшаётгани бинонинг уч қаватига илинган кийимлардан билинади.

Радваннинг сўзларига кўра, мактабда яшовчи оилалар чиқиб кетаётгани сабаб дарслар “аста-секин бошланмоқда”. Аксарият хоналарда парта ва стуллар йўқлиги учун болалар полда ўтириб ўқимоқда.

“2023 йил 7 октябрдан бери болаларимиз мактабга бора олмаган эди. Шу вақт мобайнида улар фақат сув олиб келиш, овқат топиш ёки кўчада ўйнашдан бошқа нарса қилолмасди. Аммо хайриятки, мактаблар аста-секин очила бошлади”, деди ўқувчилардан бирининг қариндоши Женин Абу Жарад.

“Бизга ҳозир дафтар, китоб ва қаламлар керак. Ҳаётимизни қайтаришни истаймиз”, деди фаластинлик қиз Шам Ал-Абд.

У ҳозирда UNRWA томонидан бошқариладиган Деир ал-Бала қўшма бошланғич мактабида таълим олмоқда. Ҳозирча болаларга фақат араб, инглиз тиллари ва математика фанлари ўқитилаётгани маълум қилинди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар