Daryo

Ўзбекистонда декабрь нормага нисбатан бир оз иссиқроқ бўлиши кутилмоқда

“Ўзгидромет” 2025–2026 йиллар қиш мавсуми учун мавсумий об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Январда аномал совуқ бўлиши прогноз қилинган.

1 дақиқа ўқиш3 403 кўришлар0 изоҳ11

“Ўзгидромет” 2025–2026 йиллар қиш мавсуми учун мавсумий об-ҳаво прогнозини эълон қилди.

Декабрь ойи нормага нисбатан бир оз иссиқроқ бўлиши кутилмоқда. Ўртача ойлик ҳарорат нормага нисбатан 1—1,5 даража баланд бўлади. Биринчи ўн кунликда ҳаво асосан илиқ: кечаси 0…+5 даража, кундузи +10…+15 даража. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кескин ўзгариб туради: кечаси +2…+7 даражадан 0…–5 даражагача, кундузи +12…+17 даражадан +2…+7 даражагача. Ойлик ёғингарчилик миқдори норма атрофида ёки ундан кам бўлиши кутилмоқда.

Январь ойи умумий ҳолатда нормага яқин, айрим ҳудудларда бир оз совуқроқ бўлади. Биринчи ва иккинчи ўн кунликларда ҳарорат катта диапазонда ўзгариб туради: кечаси +3…+8 даражадан –3…–8 даражагача, кундузи +10…+15 даражадан –2…+3 даражагача. Учинчи ўн кунликда аномал совуқ кутилмоқда. Кўпчилик ҳудудларда кечаси –12…–17 даража,  кундузи –5…–10 даража, Нукус ва Урганч атрофларида кечаси –20…–25 даражагача тушиши мумкин.

Февраль ойи кўп йиллик нормаларга яқин бўлиши кутилмоқда. Биринчи ўн кунликда аномал совуқ давом этади: кечаси –5…–10 даража, кундузи –3…+2 даража. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳаво сезиларли илийди: кечаси –2…–7 даража дан +3…+8 даражагача, кундузи 0…+5 даражадан +10…+15 даражагача. Жанубий ҳудудларда кундузги ҳарорат +15…+20 даражагача кўтарилиши мумкин. Ёғингарчилик меъёр доирасида бўлади.

Хабарда айтилишича, мазкур прогноз иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг эҳтимолий совуқлар ва ноқулай об-ҳаво шароитларига тайёргарлигини таъминлаш мақсадида тайёрланган. Прогноз якуний характерга эга эмас, об-ҳаво шароитларига мувофиқ ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов қишнинг қуруқ келиши оқибатида 2026 йил қишлоқ хўжалик тармоғида оғир, синовли давр бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди. Гидрометеоролог Ҳумоюн Мағрипов эса 2026 йилнинг баҳорида қишлоқ хўжалигида сув етишмаслиги, нисбатан қурғоқчилроқ мавсум бошланиш эҳтимоли катта бўлиб турганини билдирганди. 

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар