Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Бирлашган Араб Амирликларида ўтаётган “Al Ain Cup” мусобақаси ярим финалидан ўрин олган Мисрга (2:0) баҳсдан кейин ўйин ҳақида ўз фикри билан ўртоқлашди.
“Биринчи бўлимда устунлик биз томонимизда эди. Иккита ёки ундан ҳам кўпроқ гол уриш имконияти бўлди. Дастлабки бўлимни ғалаба билан якунладик, иккинчи бўлимда эса ҳимояга кўпроқ эътибор қаратдик. Рақиб тактикасини ўзгартирди, шунинг учун бўлим бошида ташаббусни уларга бердик. Лекин энг муҳими — гол ўтказиб юбормадик. Вазиятларни голга айлантиришда жиддий хато бўлганини айта олмайман. Мен учун энг муҳими — имкониятлар яратиш. Шу имкониятлар бизда бор эди.
Икки хил тайм бўлди. Биринчи бўлимда босим орқали ташаббусни ўзимизда ушлаб туришга ҳаракат қилдик, танаффусдан кейин эса ҳимояга эътибор қаратдик. Ҳозирги замонавий футболда ҳар нарсага тайёр бўлиш керак. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бир хил ҳаракат қилмаса, баъзи ўйинларда қийинчилик бўлади. Шу сабабли ҳамма нарсага тайёр бўлишимиз лозим”, деди Шомуродов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳамда Миср жамоалари ўртасидаги баҳсда “оқ бўрилар” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги ҳар икки голга ҳам Остон Ўрунов муаллифлик қилди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси “Al Ain Cup” мусобақаси финал босқичига йўл олди. Жамоа ҳал қилувчи баҳсда Эронга қарши ўйнайди. 3-ўрин учун ўйинда эса Миср ҳамда Кабо-Верде куч синашади.








